Бахмалнинг олис қишлоғида ҳам қўлга тушмас ўғрилар пайдо бўлгани айтилмоқда
Бахмал тумани Удамали қишлоғида аҳолининг чорваси йўқолмоқда. Айниқса, сўнгги ойларда бу каби ҳолатларнинг ортгани ва йўқолган молларнинг топилмаётгани аҳолини ташвишга солмоқда.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал тумани “Ғаллакон” МФЙда бўлди.
Қишлоқ аҳлининг катта қисми чорвачилик билан шуғулланади. Ҳудуд асосан қир-адирликлардан иборат бўлгани учун аҳолининг ўз томорқасини девор билан ўраб олиши одатга айланмаган. Мол-ҳол очиқ ҳовлида, қирларда боғлаб қўйилади.
Наргиза Суюнова бир неча ой аввал тумандаги мол бозордан иккита ҳўкизни 13 миллион сўмга сотиб олишганини айтмоқда. У ўша ҳўкизларни ҳам ҳовлисидаги молларига қўшиб боқиб келган. 26 май куни кечга яқин молларини ҳовлисининг этагига боғлаб қўйган.
“Эрталаб туриб қарасак, икки-учта молимиз бўшалиб ўтлаб юрибди. Битта ҳўкизимиз жойида йўқ экан. Бўшалиб кетганми, деган ўйда қўни-қўшниларникини сўрадик, маҳалламизни тўлиқ айланиб чиқдик. Топилмагач, маҳалла профилактика нозирига маълум қилдик. Мана, шунча кун ўтди ҳамки, топилгани йўқ. Мол йўқолиши қишлоғимизда биринчи марта кузатилаётгани йўқ”, – дейди Суюнова.
Ҳудудда айниқса, мол-ҳоли йўқолишидан кўп азият чекаётганлар орасида Аҳмадқул Суюнов ҳам бор.
Аҳмадқул аканинг кўзи яхши кўрмайди, жисмоний имконияти ҳам чекланган. Унинг айтишича, қўрасидан бир эмас, бир неча марталаб қўй-эчкилари ўғирлаб кетилган. Ўттиздан ортиқ товуқлари ҳам кечаси катакдан олиб кетилганини айтяпти. Бу ҳолатдан зада бўлгач, кечаси қўра бошида аёли ва вояга етмаган ўғли қоровуллик қилиб чиқаётган экан.
“Ногирон ва камбағал ҳолимда молимга кўз тикадиган, худодан қўрқмайдиганлар ҳам бор экан”, – дейди Аҳмадқул ака.
Аҳмадқул аканинг айтишича, эрта баҳор иккита, май ойида яна иккита қўйини қўрадан ўғирлаб кетишган. Бу ҳолат муттасил такрорланавергач, оиланинг, аёли ва болалари тушкунликка тушиб қолганини айтмоқда. Қўли калталиги сабабли бир неча йилдан буён уйини ҳам таъмирлай олмаётганини билдирди.
Донабой Шайзоқов ҳам ҳақиқатда қишлоқда сўнгги икки-уч йилда, айниқса йил бошидан буён чорва молларининг ўғирланиши кўпайганини айтиб ўтди. У шу йилнинг 4 май куни чўпондан қайтгач, қўйларини қўйхонага қамашгани, эрталаб эса иккита қўзиси йўқолганини билиб қолишгани ҳақида сўзлаб берди.
Донабой ака ҳам қўшниларнинг ҳовлиси ва маҳалла ҳудудини кўздан кечирган. “Қўйлар топилмагач, ички ишлар бўлимига ариза ёзиб бердик. Лекин бир ойдан ортиқ вақт ўтяптики, бирор янгилик бўлмади. Бир марта ИИБ ходимлари келиб уйимизни кўздан кечириб кетишди”, – дейди Донабой Шайзоқов.
Удамалиликлар сўнгги ойларда бу каби ҳолатлардан зада бўлгани, аммо бирор марта мол-қўйи топилмаганини маълум қилгач, вазият бўйича ҳудуднинг профилактика инспектори, капитан Мустафо Ёриев билан суҳбатлашдик.
Капитан Ёриев мазкур маҳаллада иш бошлаганига бир йил бўлгани ва бу вақт давомида ўғирлик ҳолати бўйича уч марта унга мурожаат қилинганини маълум қилди. 2020 йил октябр ойида маҳаллада бир фуқаронинг 14 та моли ўғирлангани ва 12 кун деганда ўғрилар топилганини айтди. Айни вақтда ўша ўғрилар жазосини ўтаётган экан.
“Жорий йилнинг 27 май куни Тоҳир Суюнов (Наргиза Суюнованинг турмуш ўртоғи) менга телефон қилиб, ҳўкизи йўқолганини айтди. Туман ички ишлар бўлимини вазият бўйича хабардор қилганмиз. Ҳозирги вақтда Тоҳир Суюновнинг ҳўкизи ва Донабой Шайзоқовнинг иккита қўйи йўқолгани бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Туман ИИБ тезкор қидирув гуруҳи ходимлари ҳам ёрдам беришяпти, бу ишни очамиз деган умиддаман”, – деди Ёриев.
Аммо бизга қўрамда бир эмас, бир неча марта қўй-эчкиларим ўғирланди, дея интервью берган Аҳмадқул Суюнов чорваси йўқолгани ҳақида Ёриевга хабар бермаган экан. “Мана, сизларга айтибди, энди бориб унинг вазияти билан ҳам қизиқамиз”, – деди капитан.
Ҳарқалай, мазкур уч ҳолатнинг иккитаси ИИБга маълум ва ҳозирча ўғрилар топилгани йўқ. Умуман, туманда ўтган вақт давомида неча марта чорва ўғирлиги билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ва нечтаси топилгани ҳақида Бахмал туман ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи бизга маълумот тақдим эта олмади. Шу сабабли биз туманда ўғирликнинг бу тури ва унга қарши қай даражада курашилаётгани ҳақидаги маълумотга эга бўлолмадик.
Дарвоқе, Тоҳир Суюновга Бахмал туман ИИБдан хат келибди. Унда ёзилишича, учта маҳалла ҳудуди суриштирилган. Суюновнинг моли ўзи бўшалиб кетгани сабабли жиноят аломатлари йўқлиги маълум қилинган. Ҳудудда моллар бўшалиб кетиб, қаёқлардадир ўтлаб юриш ҳолати кўп кузатилиши айтилган. (Демак, йўқолган мол эгаси чорвасининг ўзи қайтиб келишини кутиб яшашга мажбур).
Бундай олиб қараганда, ИИБ қонун доирасида жавоб берган. Излаган, тополмаган. Аммо “йўқолиб қолиш ҳолати” биринчи марта кузатилмаяпти-да. Бир ойда уч марта.
Ёдингизда бўлса, 2020 йилнинг январида “Миришкорда “кўринмас одам!” – Помуқ қишлоғидан келган мурожаат изидан” сарлавҳали суриштирувимиз эълон қилинган. Ўша ҳолатда ҳам Помуқ қишлоғида муттасил ўғирлик такрорланавергач, аҳолининг ўзи тунги навбатчилик ташкил қилганди. Қизиғи, мақола чоп этилганининг эртаси куни жиноятчилар топилганди.
Мақолани тайёрлаш жараёнида маълум бўлдики, профилактика инспектори Ёриев Аҳмадқул аканинг ҳам қўйлари йўқолгани бўйича уйига бориб ариза олибди. Аммо ҳозирча Удамалидан хушхабар йўқ, йўқолган мол-қўйлар топилмаяпти. Туман ИИБдан Аҳмадқул аканинг қўйлари қўрадан сакраб чиқиб, қаердадир ўтлаб юрибди, деган жавоб келмаслигига умид қиламиз. Шунингдек, Донабой Шайзоқовнинг ҳам қўйлари молхонасидан йўқолгани айтилганди.
Kun.uz вазиятни кузатишда давом этади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
16:34 / 13.09.2024
Британия ИИВ раҳбари мамлакатдаги “ўғрилик эпидемияси” ҳақида нутқ сўзлаётганда унинг ҳамёнини ўғирлаб кетишди
18:20 / 24.08.2024
Тошкент вилоятида ичимлик сувидан ноқнуний фойдаланган корхона раҳбари 5 йилга қамалди
21:49 / 16.08.2024
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Малайзияга парвоз қилган самолётида ўғрилар ушланди
21:01 / 05.08.2024