Ўзбекистон | 15:38 / 06.07.2021
18176
2 дақиқада ўқилади

Наманганда “снос”га тушган уйлар эгасининг розилигисиз бузиб ташланди

Наманган шаҳри Ҳамроҳ кўчасида ёнма-ён жойлашган икки хонадон мулкдорлар розилигисиз бузиб ташланди.

Kun.uz'га мурожаат қилган Фозил Устабоевнинг айтишича, уй унинг номида эмас, балки эски эгасининг номида. У қўшнилар уй унга тегишли эканини тасдиқловчи кўрсатма берган ҳужжати борлигини айтиб ўтди.

Жамол Папалодзеда эса уйга тегишли ҳужжат мавжуд. Шундай бўлса-да, унинг уйи ҳам розилигисиз бузиб ташланган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу борада Kun.uz'га изоҳ бермади. Шаҳар ҳокими ўринбосари Абдулбосит Исмоиловдан бу масалада интервью беришини сўраганимизда, мутахассис топиб беришини ва у биз билан алоқага чиқишини айтган. Лекин ҳеч қандай ҳокимлик вакили биз билан алоқага чиқмади. Бундан ташқари, интервьюни ўша ҳудудда кўп қаватли уй қураётган қурувчидан ҳам олишимиз мумкинлигини айтди.

Қонунчиликка кўра, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилиши шарт.

Бундан ташқари, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарори асосида ташаббускор ҳамда мулкдор ўртасида келишув тузилганидан ҳамда келишувда назарда тутилган компенсация берилганидан сўнг қабул қилинади.

Намангандаги “снос”да бу иккала тартибга ҳам риоя этилмаганини кўриш мумкин.

Мавзуга оид