Жаҳон | 22:18 / 06.07.2021
6501
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Беларусдан Виктор Бабарикони дарҳол озод этишни талаб қилди

Европа Иттифоқи Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Виктор Бабариконинг 14 йилга озодликдан маҳрум қилинганига изоҳ берди. Брюсселнинг таъкидлашича, Бабарикога қарши суд жараёни сиёсийлаштирилган. Шу сабабли Европа Иттифоқи Минскдан Бабарикони ва бошқа сиёсий маҳкумларни дарҳол озод этишни талаб қилади.   

Фото: БелТА

«Бабарико 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У 2020 йил 18 июндан бери ягона сабаб – 2020 йилги президент сайловларида номзод бўлишга ўз сиёсий ҳуқуқини амалга оширмоқчи бўлгани учун панжара ортида ушлаб турилибди. Ушбу ҳукм Беларусь судлари томонидан сиёсийлаштирилган ишлар бўйича чиқарилган камида 125та адолатсиз қарордан биридир», деб айтган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар хизмати спикери Петер Стано.

У Беларусда 530дан кўпроқ сиёсий маҳкум борлигини эслатиб ўтган.

 «Европа Иттифоқи жаноб Бабарико ва барча сиёсий маҳкумлар, ҳибсга олинган журналистлар ва асосий ҳуқуқларини амалга ошириш учун озодликдан маҳрум этилган барча одамларнинг дарҳол ва сўзсиз озод қилинишини талаб қилади. Тузум репрессиялар ва адолатсизликни бас қилиши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши лозим», деб қўшимча қилган Европа Иттифоқи вакили.

 Аввалроқ Беларусь олий суди «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари, Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Виктор Бабарикони 14 йилга озодликдан маҳрум этди. У 2020 йил августда Беларусда ўтган президент сайловларида Александр Лукашенкога асосий рақиб ҳисобланган, бироқ ҳибсга олиниб, сайловларда иштирок этишга қўйилмаган.

 Суд версиясига кўра, Бабарико ва «Белгазпромбанк»нинг бошқа бошқарувчилари бир қатор тижорий тузилмалар манфаати йўлида ҳаракат қилиб, бунинг учун 2004 йилдан 2020 йилгача уларнинг вакилларидан пул маблағлари олиб келган. Бабарикога солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, молиявий фирибгарликлар ҳамда пора бериш айбловлари қўйилган. У ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган ва ўзига қарши олиб борилган ишни сиёсийлаштирилган деб атаган.

Мавзуга оид