Ўзбекистон | 16:14 / 08.07.2021
28399
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги мактаб формаси бўйича талаблар ўзгармаганини эслатди

Халқ таълими вазирлиги янги таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийинишида ўзгаришларга сабаб бўлмаслигини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда қабул қилинган 666-сонли «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

«Бугунги кунда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари таълим муассасасига мазкур Низом талабларида белгиланган тартиб ҳамда таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мактаб формасига мувофиқ кийинишлари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 509-сон қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари учун ҳукумат томонидан тасдиқланган мактаб формаси мажбурий ҳисобланади.

Низомда ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари кераклиги, мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга чора қўрилади», дейилади баёнотда.

2018 йил 15 августда Вазирлар Маҳкамаси ягона мактаб формаси тўғрисида қарор қабул қилган эди.

2019 йил май ойида ўша даврда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган Саида Мирзиёева мактаб формасини мажбурий қилишдан кўра мактаблардаги бошқа муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаганди.

Шундан сўнг, 2019 йил 19 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида 509-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан 666-сонли қарорнинг 3 ва 7-бандларигагина ўзгартириш киритилиб, ягона мактаб формаси 2019-2020 ўқув йилидан эмас, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этилиши белгиланди.

Мавзуга оид