Ўзбекистон | 08:52 / 09.07.2021
2642
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг Хатай шаҳри делегацияси Бухорода бўлди

Туркиянинг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси 2021 йил 8 июль куни расмий ташриф билан Бухорога келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.  

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов делегацияни қабул қилиб, музокара ўтказган. Унда келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган икки томонлама тенг манфаатли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, қатор таклифлар илгари сурилган. 

Жумладан, вилоятда ҳар йили ўртача 300 минг тонна атрофида пахта етиштирилиб, 100 минг тоннадан зиёд пахта толаси ишлаб чиқарилиши, бу эса “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида шерикликда ишлаш ва тайёр текстиль маҳсулотларини тайёрлаш учун қулай муҳитлиги такидланган.

Шунингдек, вилоятда қоракўл терини қайта ишлаш ва чарм-мўйна саноатини ривожлантириш, ҳудудда қимматбаҳо саналган 50дан ортиқ ерости қазилма бойликлари — графит, бентонит, мармар, гранит, гипс, олтингугурт, оҳактош ва бошқа хом ашёга бой табиий ресурслар конларини ўзлаштириш, улардан қурилиш ва бошқа соҳалар учун зарур ашёлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболи хусусида тўхталиб ўтилган. 

Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилган. 

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Бухоро вилоятида 300дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллий тадбиркорлар ва Туркия компаниялари ҳамкорлигида турли соҳаларда 39 та хорижий корхона фаолияти йўлга қўйилган.  2020 йилда вилоят ва туркиялик сармоядорлар ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 68,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бунда экспорт ҳажми 12,4 миллион, импорт ҳажми эса 56,3 миллион АҚШ долларига тенг. 

Олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси Раиси Волкан Бозкир бошчилигидаги делегация Бухорога келганди.

Мавзуга оид