Спорт | 11:39 / 11.07.2021
29956
11 дақиқада ўқилади

Орзунинг ушалиши. Месси ниҳоят Аргентина билан кубок ютди

Жанубий Американинг энг яхши жамоаси аргентиналиклар бўлди, уларнинг сардори терма жамоа билан илк совринни Бразилияда қўлга киритди.

Америка Кубоги. Финал
Аргентина — Бразилия — 1:0 (1:0)
Гол: Ди Мария, 22.
Аргентина: Э.Мартинес, Отаменди, Акунья, Монтиэль, Ромеро (Пеццела, 79), Ди Мария (Паласиос, 79), Паредес (Родригес, 54), де Пауль, Ло Сельсо (Тальяфико, 63), Месси, Л.Х.Мартинес (Гонсалес, 80).
Бразилия: Эдерсон, Тиагу Силва, Данилу, Маркиньюс, Лоди (Эмерсон, 76), Каземиру, Фред (Роберту Фирмину, 46), Лукас Пакета (Габриэл Барбоза, 76), Неймар, Эвертон (Винисиус Жуниор, 63), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Фред, 3. Паредес, 33. Ло Сельсо, 51. де Пауль, 67. Лоди, 70. Лукас Пакета, 72. Отаменди, 81. Маркиньюс, 82. Монтиэль, 89.
Ҳакам: Остохич (Уругвай).
11 июль. Рио-де-Жанейро. «Маракана» стадиони.

Бутун дунё Леога мухлис
Финал арафасида Месси ва унинг терма жамоа билан ҳалигача соврин ютмагани кенг муҳокама қилинди. Сўнгги ўн йилликларда Аргентина термаси ҳаёти сардорга жуда боғлиқ бўлиб қолганди. Лекин аргентиналикларнинг сўнгги соврини 28 йил муқаддам қўлга киритилганди. 1993 йилги Америка Кубоги финалида Габриэль Батистута дубль қайд этган, майдон марказини ўшанда Диего Симеоне бетонлаб ташлаган, Месси эса ҳали 6 ёшда эди.

Месси билан ҳам Аргентина барча турнирларда фаворитлар қаторида бўлиб келди. ЖЧ-2014да финалга чиқилди. Қитъадаги турнирларда фақат бир марта, 2011 йилги турнирда плей-оффнинг илк босқичидаёқ чиқиб кетилган (Аргентина ўз мезбонлигидаги турнирда гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқиб, чоракфиналда Уругвайга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйган, ўшанда Бразилия ҳам чоракфиналда Парагвайга пенальтилар сериясида ютқазиб турнирни эрта тарк этган, якунда Уругвай чемпион бўлганди), яна бир марта - 2019 йилги турнирда бронза медаллар билан кифояланилган (яримфиналда Бразилияга мағлуб бўлинганди), уч марта финалга чиқилган (2007 йил Бразилиядан 0:3 ҳисобида мағлубият, 2015-2016 йилларда Чилига пенальтилар сериясида мағлубиятлар).

Месси барибир кубокни кўтаришга ҳақли эди.

Идеал картина ҳосил бўлиши учун бир неча чизгилар чизиш қолганди, буни нафақат бутун Аргентина, балки Ер шари аҳолиси ҳам кутаётганди.

Кескинлик ошиб кетганини сезган оқ-кўклар мураббийи Лионель Скалони босим даражасини бироз туширишга уриниб, файласуфларча ёндашди: «Ғалаба қозонамизки ёки йўқ, барибир Месси тарихдаги энг яхши футболчи бўлиб қолади. У буни исботлаш учун терма жамоа билан ҳам соврин ютиши шарт эмас».

Леонинг ўзи эса ўйиндан олдин Instagram’даги саҳифасида терма жамоанинг барча аъзолари акс этган суратни жойлади ва унинг учун терма жамоа қанчалар муҳимлигини кўрсатди. Суратдаги ягона ҳавола — миллий жамоа профилиники эди. Изоҳ сифатида эса — Juntos (биргаликда) ёзуви битилганди — бу ҳам кўп нарсани англатарди.

Финални айнан жамоа бўлиб ютишди. Турнир давомида голлар ва голли паслари билан энг яхши бўлган Месси бу ўйинда ўзи учун камтарроқ даражада ўйнади. Аммо бунинг аҳамияти йўқ. Ўйин якунлангач, жамоа футболчилари унга қараб чопишди ва уни кўтариб кўкларга отишди, Месси ҳам бу турнир ғолиблиги учун ҳисса қўшган жамоадошларидан миннатдор, улар билан клубдаги совринларини ҳам бўлишишга тайёр. Афтидан унинг шахсий совринлари қаторига яна бир «Олтин тўп» қўшилиши аниқ бўлиб қолди.

Бир соврин учун икки юлдуз
Финал қадрдон дўстлар ва турнирнинг энг ёрқин юлдузлари - Месси ва Неймар қарама-қаршилигида кечиши билан ҳам эътиборли эди. Қолаверса, бразилиялик футболчи ҳам ҳали терма жамоа билан катта соврин ютмаган. Конфедерациялар кубоги — ҳисобга ўтмайди. «Улар ҳақида гапирар эканмиз, биз мукаммаллик, техника, ақл, жисмоний етуклик ва жуда юқори ижодий қобилият ҳақида гапирамиз. Бу катта чақириқ ва томошабинлар учун ҳақиқий совға», — дея қайд этди бразиллар бош мураббийи Тите.

Афтидан, КОНМЕБОЛ экспертлари ҳам мавзуни шу каби муҳокама қилишди ва финал олдидан аниқ танлов қила олишмади - Месси ва Неймар биргаликда турнирнинг энг яхши футболчилари сифатида эътироф этилди. Бир томондан, бу жуда чиройли қарор бўлди, шу билан биргаликда бу ғалати ҳам эди. Спорт принципларига риоя этилмаганидан ҳам, бу икки «ўнлик» футболчининг жамоадаги натижалари жиҳатидан ҳам.

Месси 4 гол ва 5 голли узатмаси билан Неймарни ортда қолдирганди. У олдинги чизиқдаги барча статистик кўрсаткичлар бўйича ҳам олдинда эди. Тите аргентиналик юлдузни қандай қилиб қуролсизлантиришни билишини айтди. У буни қандай қилишини айтмаган бўлса-да, мураббий шундай ҳазиллашди: «Агар аргентиналиклар бизга Неймарни қандай қўриқлашларини айтмоқчи бўлсалар, биз ҳам ўз режамизни очиқлаймиз ва Мессини қандай тўхтатиб қолишимизни айтамиз».

Ўз навбатида, Бразилия таркибда сюрпризлар қилмади, яримфиналдаги таркиб финалга ҳам туширилди. Икки ўйинлик дисквалификация олган Габриэл Жезус ва амалда тоза «тўққизлик»сиз. Аргентина эса иккита ўзгариш қилди. Биринчидан, ҳимоя марказига жароҳатини тузатган, мамлакатнинг ҳозирги кундаги энг яхши ҳимоячиси Ромеро қайтди. Иккинчидан, мураббийлар штаби плей-офф ўйинларида захирадан тушиб ёрқин ўйинлар намойиш этган Ди Марияни фақат вазиятларни кўкка совуриш билан ёдда қолаётган Николас Гонсалесдан кўра бошланғич таркибга муносиброқ деб топишди.

Қаҳрамон Ди Мария ва Неймарнинг кўз ёшлари
Ўйиннинг қиймати шунчалик баланд эдики, томонлар илк дақиқалардан ўзаро жангга киришди, ўйиннинг 151-сониясида Фред Монтиэлни шифохонага жўнатишига бир бахя қолди ва Америка Кубоги тарихидаги энг тезкор сариқ карточкага сазовор бўлди. Аргентиналиклар ҳам жим қараб туришмади ва Неймар ўз ҳужумларидан бирининг якунида арбитрга йиртилиб кетган шортигини кўрсатди, Лукас Пакета — Отамендининг бутсасидан тилинган гетрасини.

Ўйиннинг 20-дақиқасигача жамоалар биргаликда 13 фол содир этишди, кейин эса меҳмонлар ўзларининг қандай футбол ўйнашларини эслаб қолишди. Де Паул майдоннинг учинчи қисмидан диагонал узатма берди, Ренан Лоди қўпол хатога йўл қўйди, у ўтказиб юборган тўпни Ди Мария бир чиройли ҳаракат билан ўзига бўйсундирди ва Эдерсоннинг боши устидан ошириб дарвоза тўрига ташлади. Бу аргентиналикларнинг илк зарбаси ва рақиб жарима майдонида тўпга илк бор тегиниши эди. Скалонининг таркиб бўйича танлови ўзини оқлади, чунки шундай уста футболчиларгина муҳим паллаларда «Маракана»даги сеҳрга алданмай, 17 йилдан буён финал ўйинларида гол ура олмаётган Аргентинанинг комплекслари босими остида қолмай совуққонлик билан ҳаракат қила олади. Терма жамоа финалларда сўнгги бор Мессининг термага келишидан бир йил олдин гол урганди.

Лекин бу сюрприз эмасди, оқ-кўклар финалгача ҳам жуда ёрқин ва тўғри йўлга қўйилган ўйин намойиш этиб келишаётганди, улар ҳар бир вазиятдан максимум натижа чиқаришни ўрганиб олишганди. Бразилия ҳам ўзининг одатий ўйинини намойиш этди, аммо ундан ортиғи эмас - жамоа натижа учун зўр бериб ҳаракат қилмади. Вазиятни ўзгартириш учун эса янада кўпроқ югуриш ва аниқроқ ҳаракат қилиш зарур эди, танаффусда Тите яримҳимоядаги Фред  ўрнига Роберту Фирминуни туширди. Неймар плеймейкер вазифасига ўтди ва бу ўйин характерини ўзгартирди. Ришарлисон гол урди, аммо офсайддан, кейинги вазиятда унинг зарбасини Эмилиано Мартинес қайтарди, Аргентина эса ўйин темпини туширишга киришди.

Таянч зонасида Гвидо Родригес Паредес ўрнига туширилди. Яна бир ҳимоячи Тальяфико Ло Сельсони алмаштирди. Тите ва-банкка бориб, яна бир ўрта чизиқ вакилини (Пакета) форвард Габриэл Барбоза учун қурбон қилди. Бунгача ҳужумга Винисиус Жуниор ҳам туширилганди. Бразилия ўйинни беш ҳужумчи билан якунлади. Аргентина — тоза ҳужумчисиз, аммо рақибнинг ҳар бир ҳужумига жавоб қайтариб турди. Месси ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо яхшироқ позицияда турган шеригига тўпни узатишга қарор қилди.

Меҳмонларни яна Мартинес қутқарди, 86-дақиқада Габиголнинг дарвоза тўсини остига берган зарбасини бармоқлари учи билан юқорига кўтариб юборди. Жавоб ҳужумида Месси дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда уни алдаб ўтишга уриниб, тойиб газонга йиқилди. Бразилларнинг жавоб ҳужуми эса жарима майдони яқинида кетма-кет фоллар билан тўхтатилди - агар бу ҳужумда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришганида, Мессининг хатоси жуда қимматга тушган бўларди. Аммо Леонинг аламли кунлари поёнига етган эди. Ниҳоят катта ғалабани нишонлаш вақти келганди, Бразилия эса ўз мезбонлигидаги турнирда азалий рақибини табриклашга мажбур бўлди, Неймар ҳам кўз ёшларини тия олмаган ҳолда Мессининг олдига келиб, унга тилакларини билдириб кетди.

Риода дўстлик ғалаба қозонди, вақти келиб Неймарда ҳам соврин бўлади. У ҳам Месси каби бундай совринга муносиб.

Мавзуга оид