Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 900 мингдан ошди
Ўзбекистонда 10 июль куни 114 061 доза COVID-19’га қарши вакцина қўлланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, шундан 86 772 дозаси биринчи босқичда, 14 178 дозаси иккинчи босқичда ҳамда 13111 дозаси учинчи босқичда қўлланган.
Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 4 857 947 доза вакцинадан фойдаланилган, уларнинг 1 419 252 дозаси иккинчи ва 486 901 дозаси учинчи босқичда қўлланилган. Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 2 951 794 кишини ташкил этмоқда.
Тўлиқ эмланган фуқаролар сони эса 902 593 нафарни ташкил қилмоқда.
10 июль кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:
- Фарғона вилояти (21180 доза),
- Наманган вилояти (16813 доза),
- Самарқанд вилояти (13520 доза) банд қилди.
Жами эмлашлар бўйича юқори кўрсаткичлар:
- Наманган вилоятида (609 058 доза),
- Фарғона вилоятида (604 819 доза),
- Андижон вилоятида (556 693 доза).
Эпидемиологик вазият ёмонлашуви муносабати билан 25 июнь куни Тошкентда 18 ёшдан ошган барча аҳоли гуруҳларига ихтиёрий коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Бозорлар, супермаркетлар, маҳаллалар ва аҳоли гавжум бошқа жойларда 46 та эмлаш пункти очилганди. Шунга қарамай, мамлакатда оммавий вакцинация жараёни суст кечмоқда.
8 июль куни ССВ Ўзбекистонда аҳолининг 2,5 фоизигина коронавирусга қарши тўлиқ эмлангани (850 мингдан ошиқ киши) ҳақида хабар берганди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков эпидемик вазият барқарорлиги учун аҳолининг вакцина олишдаги масъулиятини ошириш лозимлигини қайд этганди.
«Бугун дунёнинг жуда кўп мамлакатлари ўз аҳолиси учун вакцина олишга қурби етаётгани йўқ. Баъзи давлатлар вакцина олишни эмас, энг аввало, иқтисодиётини қутқариб қолишни ўйламоқда.
Афсуски, юртимизда аҳолининг коронавирусга қарши эмланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бўлса-да, ўтган 3 ойдан ортиқ вақт давомида халқимизнинг вакцина жараёнларидаги фаоллиги, шижоати ва ташаббускорлиги сезилмади.
Ҳатто, хавф гуруҳига кирувчи 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли вакиллари ҳам бу жараёнларда суст иштирок этаётгани мутахассис сифатида мени ҳайрон қолдирди.
Ажабланарлиси шуки, ўтган уч ойдан кўпроқ вақт мобайнида республика бўйича 4 миллион 300 минг доза вакцина ишлатилган бўлса-да, тўлиқ (икки ва уч босқичли) эмлаш курсини олган аҳолимиз сони 850 минг нафардан озгина ортди. Бу дегани эндигина республикамиз аҳолисининг шунча қисмини тўлиқ эмладик ва аниқроқ айтсак, уларда эмлашдан кейинги иммунитетни шакллантиришга эришдик, холос.
Аслида халқимиз онгида ҳукумат ҳамма харажатни ўз зиммасига олади, деса давлат бундан қандайдир манфаатдор, деган ғалати фикр шаклланиб қолган. Ваҳоланки, бу саъй-ҳаракатлар, энг аввало, аҳоли саломатлиги йўлида амалга оширилмоқда. Қолаверса, бу орқали давлатимиз эпидемик барқарорликни таъминлаган ҳолда халқимизга иқтисодий манфаатни назарда тутмоқда.
Бироқ буни ҳамма ҳам бирдек тушунаётгани, тўғри англаётгани йўқ. Аксинча айримлар ижтимоий тармоқлар орқали эмлаш тўғрисида турли асоссиз фикрлар тарқатишга, одамлар онгида вакцина ҳақида нотўғри тасаввур уйғотишга уринмоқда.
Баъзи фуқаролар эса нотўғри фикрларга ишониб, ўзи ва яқинларини вакцина олишдан тўсмоқда. Энг ёмони, улар бу билан касалликнинг аҳоли орасида янада кенг тарқалишига замин яратмоқда.
Шу боис, менинг назаримда мамлакатимизда оммавий эмлашни мажбурий қилсак, юртдошларимизнинг вакцина олишга бўлган масъулияти янада ортади, унга муносабати ўзгаради.
Афсуски, бугун мамлакатимиздаги мавжуд эмлаш пунктларида бир кунда 130-140 минг нафар фуқаро COVID-19га қарши эмланмоқда. Бу рақам жуда кам. Чунки, ҳар бир эмлаш пунктлари ва бригадалари бир кунда 70 нафар одамни эмлаш имконияти бўлган бир пайтда, биз унинг тенг ярим имкониятидан фойдаланяпмиз.
Зеро, аҳолининг 60-70 фоизида жамоавий иммунитетни шакллантирмасдан туриб, биз бу касалликни енга олмаймиз. Шундай экан, жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эмланиши лозим бўлган аҳоли қатламини коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ қамраб олиш зарур», деганди у.
Мавзуга оид
11:40 / 13.12.2022
Ўзбекистонда кунлик коронавирус статистикаси сезиларли пасайди
10:54 / 07.12.2022
Тошкент шаҳрида бир кунда 100 дан ортиқ кишида коронавирус аниқланди
10:10 / 04.12.2022
Коронавирус: Ўзбекистонда кунлик ҳолатлар сони февралдаги даражага қайтди
11:15 / 02.12.2022