Ўзбекистон | 15:43 / 12.07.2021
20971
6 дақиқада ўқилади

Дилшод Эшнаев хусусий диний таълим масаласида изоҳ берди

Ўзбекистонда етарли даражада диний билимга ва буни тасдиқловчи ҳужжатларга эга уламолар, ўз ўқув дастурларини олдиндан тасдиқлатган ҳолда, фуқароларга диний таълим беришни йўлга қўя олмайди, янги қонунда ҳам бунга рухсат берилмади. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев шу масалада изоҳ берди.

Ҳатто расмий диний соҳа вакиллари томонидан айтилаётган айрим фикрлар ҳам ихтилофларни келтириб чиқараётгани – уларга диний таълим бериш ҳуқуқини беришга ҳали эрта, деган хулосага олиб келган.

Бу ҳақда журналист саволига жавобан 10 июл кунги матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев маълум қилди.

“Диний таълим деганда нима назарда тутилади? Айнан шу нуқтада кўпчиликда тушунмовчилик келиб чиқади. Аксарият аҳоли хусусий тартибда диний таълимга рухсат берилмайди дейилганда, кескин муҳокамалар бўлган вақтда ҳам айтилдики, муайян бир шахс ўзининг шахсий қарашидан келиб чиқиб, бошқа бир шахсга диний таълим бериши тақиқланяпти.

Ҳозирги кунда юртимизда 10та мадраса ва 3та олий диний таълим муассасаси мавжуд. Буларнинг ҳеч бири давлатники эмас, барчаси хусусий. Яъни бирорта диний таълим муассасаси давлатники ҳисобланмайди.

Диний таълим муассасасини ташкил қилиш ҳуқуқи диний ташкилотнинг ўзига берилган. Агар ислом дини нуқтайи назаридан қараганимизда, Мусулмонлар идораси муайян ҳудудларда қўшимча диний таълим муассасалари очиш ҳуқуқига эга. Охирги 4 йилда Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси очилди. Бундан ташқари мактаблар ҳам очиляпти; масалан, фиқҳ мактаби, ҳадис мактаби, калом мактаби, тасаввуф мактаби каби илмий мактаблар очилди. Демак, [хусусий] диний таълим мумкин эмас дейиш бирёқлама қараш бўлади.

Аҳоли [хусусий] диний таълим деб қараётган нарса – Қуръон ўрганиш, намоз ўқиш ва бошқа ибодат билан, тарбия билан боғлиқ масалаларга қаратилган. Чунки [“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” янги таҳрирдаги] қонун муҳокамаларида ҳам, фуқароларнинг мурожаатларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам, мактабларда диний таълимни киритиш масаласи кўтарилганда ҳам асосий сўралаётган масала – яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни ажратсин, ахлоқли бўлсин. Лекин диний таълим бу фақат одоб-ахлоқ билан боғлиқ масала эмас. Қонун нуқтайи назаридан, диний таълим – профессионал ёндашув билан, диний таълим муассасаларида, маълум бир конфессиянинг ўзи тўғри деб билган билимларни бериш жараёнидир.

Шунингдек, мадраса ва маъҳад домлаларига шундай ҳуқуқ бериш масаласини кўтардингиз. Такрор айтаман, расмий диний соҳа вакиллари томонидан ижтимоий тармоқларда айтилаётган фикрлар ҳам жуда катта ихтилофга сабаб бўляпти.

Масалан, (ҳозир исмларини айтмайман), илмий жиҳатдан яхши тайёрланган, масжидда имом бўлиб ишлайдиган етук мутахассисимиз ижтимоий тармоқда айтаётган маърузаларида: “Шиалар – адашган фирқа” деб юбордилар. Жуда катта ихтилоф бўлди.

Республикада сунний ва шиа йўналишлари бирдек тан олинади. Ўзбекистон Республикасида шиа йўналишидаги 4та масжид бор, улар фаолият кўрсатади ва улар бошқалар билан тенг ҳуқуққа эга. Уларни адашган ёки қонундан ташқари дейиш ноқонуний бўлади.

Айтмоқчиманки, ҳозирги кундаги диний соҳа вакилларимизнинг ҳар бирига диний таълим бериш ҳуқуқини беришга айнан мана шу давр ҳали тайёр эмаслигимизни кўрсатиб турибди.

Лекин, Қуръон курслари очиляпти. Ҳозирги кунда республика бўйича 17та шундай курс фаолият юритяпти. Шундан 13таси диний таълим муассасаси ҳузурида ва 4таси диний таълим муассасаси бўлмаган ҳудудларда, мактаблар ҳузурида очилган. Бундан ташқари, яна қўшимча Қуръон курслари очиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Яна бир масалага тўхталиб ўтишимиз керак: аҳоли мустақил равишда диний таълим олиши учун жуда катта ададларда диний мазмундаги адабиётлар чиқяпти. Уларда хусусан зарурий кундалик ибодатларни қандай амалга ошириш ҳам кўрсатиб ўтилган.

Аҳолида диний масалалар бўйича саволлар бўладиган бўлса, Мусулмонлар идорасининг колл-маркази ёки Muslim.uz сайти орқали жавоб олиш имкониятига эга.

Болалар мустақил ўргана олмайди-ку, дейиладиган бўлса, Muslim.uz сайтида онлайн телеканал доирасида виртуал шаклда диний таълим бериляпти. Бунда ҳафтасига 6 марта соф диний таълим амалга ошириляпти, хусусан ислом тарихи, қироат ва тажвид, ҳадис шарҳи дарслари ва онлайн диний савол-жавоблар эфирга узатилмоқда.

Бу дарсларни сайтда ёзиб олинган ҳолда ҳам кўриш мумкин. Видеодарслар кетма-кет жойлаштирилган. Агарда фуқаронинг ўзида хоҳиш, истак, интилиш бўлса, мустақил равишда бошланғич диний билимни олиши мумкин”, – дея Дилшод Эшнаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ҳам хусусий диний таълимга қўйилган чекловлар сақланиб қолаётгани бир неча жамоатчилик фаоллари ва диний уламолар томонидан норозиликка сабаб бўлган эди.

Шу орада диний уламо Мубашшир Аҳмад ўзи ва бир гуруҳ фаол фуқаролар номидан президент Шавкат Мирзиёев ва Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилди. Уламо ўз видеомурожаатида сўнгги йилларда диний соҳада бўлаётган ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон қонунчилигидаги хусусий тартибда диний таълимга қўйилган тақиқ қайта кўриб чиқилиб, таълим ёшини кичрайтириш ва диний таълимга рухсат бериш зарурияти ҳақида гапирган эди.

Ушбу мурожаат фонида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита диний таълим мавзусида бўлаётган муҳокамаларга расмий муносабат билдирди.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар ҳам виждон эркинлигига доир янги таҳрирдаги қонунда диний таълимга қўйилган чеклов жиддий қайта кўриб чиқилиши кераклигини билдирган.

Мавзуга оид