Жамият | 16:24 / 14.07.2021
34169
2 дақиқада ўқилади

«Қоракўл мактаби» асосчиси Тўхтамурод Жумаев вафот этди

Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, «Қоракўл мактаби» асосчиси Тўхтамурод Жумаев 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Тўхтамурод Жумаев 1945 йилда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 1967 йилда Бухоро педагогика институтини тугатган (1967).

1963 йилдан Олот туманидаги 3-мактаб, кейинроқ Қоракўл туманидаги 8-мактабда математика фани ўқитувчиси, мактаб директори ўринбосари сифатида ишлаган.

У 1990-2015 йилларда Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернати директори вазифасида ишлаган.

Тўхтамурод Жумаев ташкил қилган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Натижада мактаб ўқувчиларининг 90 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинган. Бундан ташқари, ушбу мактаб ўқувчилари математика фанидан Халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларни қўлга киритган. Ҳозирги кунга қадар математика олимпиадасида қўлга киритилган медаллар сони 36тани ташкил этади. Шулардан 23таси Жумаев мактаби ўқувчиларига тақдим этилган.

Жумаев таълим беришда замонавий ўқув қуроллари ва компьютерлар асосида янги педагогик технологияларни қўллаган, математика бўйича бир неча дидактик қўлланмалар муаллифи.

1995 йилда Ўзбекистoн Республикаси халқ ўқитувчиси бўлган. Шунингдек, «Буюк хизматлари учун» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Тўхтамурод Жумаевнинг хизматларини эътироф этганди.

«Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди. Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!» – деганди президент.

Мавзуга оид