Жамият | 12:55 / 14.07.2021
52509
3 дақиқада ўқилади

Юзлаб ёшлар россиялик блогер чақириғи билан Амир Темур хиёбонида тўпланди

13 июль куни Амир Темур хиёбонида 150−200га яқин фуқаролар тўпланган. Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, бунга «Субо» тахаллусли россиялик блогернинг обуначиларига пул тарқатиш ҳақидаги эълони сабаб бўлган. Тўпланганлар ИИВ ва МГ махсус бўлинмалари томонидан тарқатиб юборилган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси 13 июль куни кечқурун Амир Темур хиёбонида кўплаб фуқаролар тўплангани ва уларнинг мажбурий тарқатилаётгани акс этган видеолар юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 13 июль куни соат 22:30ларда Тошкентга ижтимоий тармоқларда «Субо» номи билан танилган 22 ёшли блогер – Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад ўғли ташриф буюрган. Блогер аввалроқ ўз саҳифасида тез орада Тошкентда бўлиши ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган. Шунинг учун Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида уни кутиб олиш учун 200га яқин ёшлар йиғилган.

Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият ва карантин чекловлари сабабли тўпланганлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардия махсус бўлинмаларини жалб қилган ҳолда тарқатиб юборилган.

Интернетда тарқалган ва блогер ўзининг саҳифасига қўйган видеолардан ҳам тўпланганларни тарқатиш учун қўшимча куч воситалар чақирилгани акс этган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг Kun.uz ’ га маълум қилишича, блогер Тошкентга келишида унга ИИВ ходимлари ҳамроҳлик қилишмаган.

«Блогер хиёбонда обуначилари томонидан ўраб олинган вақтда ҳимоя қилиш ва шикаст етказилишига йўл қўймаслик мақсадида Миллий Гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари уни одамлар орасидан олиб чиқиб кетишган. Ушбу блогерга ва унинг шерикларига тан жароҳати етказилмаган», дейди ИИББ расмийси.

Унинг қўшимча қилишича, тартибсизликлар вақтида йиғилганларни тарқатиб юбориш билан чекланилган, ҳеч кимга нисбатан маъмурий баённомалар тузилмаган. Бундан ташқари, ИИВ вакиллари россиялик блогер билан профилактик суҳбат ҳам ўтказган.

Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан бундай мазмундаги чақириқларга учмасликларини ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда оммавий равишда тўпланмасликларини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддасига кўра, оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдорга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид