Ўзбекистон | 19:11 / 16.07.2021
17190
3 дақиқада ўқилади

Човушўғли турк ҳарбийлари Кобулда қолишини тасдиқлади

Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли турк ҳарбийлари Кобулдаги халқаро аэропорт хавфсизлигини таъминлаш учун қолишини маълум қилди.

Фото: Анвар Илёсов / Дунё АА

Тошкентда давом этаётган халқаро конференцияда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли мамлакатларни қадимий Буюк ипак йўли бўйлаб транспорт коридорларини қайта тиклаш орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирди.

Човушўғли ҳудуддаги хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш самарали эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у турк ҳарбийлари коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетгач ҳам қолишига урғу бериб ўтди.

«Туркия Афғонистон, Озарбойжон, Грузия, Эрон ва Покистон иштирокида уч томонлама мулоқот механизмини олға суриб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга интилади. Расмий Анқара биродар афғон халқи манфаатлари учун Кобулдаги халқаро аэропортнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқариш тайёр», деди Туркия ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири конференция доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан, Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод билан, Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва бошқа кўплаб хорижий давлатлар расмийлари билан учрашди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирларида АҚШ ва Туркия президентлари Жо Байден ва Ражаб Тоййиб Эрдўған НАТОнинг Афғонистондаги миссияси якунланганидан сўнг турк ҳарбийлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаши бўйича келишувга эришганди.

Июнь ойи ўрталарида Эрдўған Туркия АҚШнинг молиявий кўмагида Афғонистондаги ҳарбий контингентини сақлаб қолишга тайёрлигини билдирди.

Шундан сўнг, «Толибон» ҳаракати Туркия ҳарбийларининг Афғонистонда бўлишига кескин қарши чиқишини билдириб баёнот берди.

«Туркия раҳбарларининг Қўшма Штатлар илтимоси ва қарорига мувофиқ мамлакатимизга қарши тажовузни давом эттиришини эълон қилиши бизда нафрат ва душманлик уйғотади ҳамда икки томонлама муносабатларга путур етказади. Афғонистонда мамлакат номидан қатъий назар, хориж кучларининг бўлиши тажовуз ҳисобланади ва уларга нисбатан Афғонистоннинг бир ярим минг нафар уламоси берган фатво асосида муносабатда бўлинади», — дейилади ҳаракат баёнотида.

Расмий Анқара эса бу муаммони «Толибон» билан музокараларда бартараф этиш мумкинлиги ва ушбу миссия толибларга қарши эмас, балки фақат аэропорт хавфсизлигини таъминлашгагина қаратилганини таъкидламоқда. Шунингдек, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам бу ҳақда бир қарорга келиб бўлинганини билдирди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид