Ўзбекистон | 15:59 / 17.07.2021
1810
1 дақиқада ўқилади

“Cobalt” юкхонасида 120 миллион сўмлик ҳужжатсиз телефонлар борлиги аниқланди

120 миллион сўмлик уяли алоқа воситалари яширинча олиб кирилишига чек қўйилди, дея хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси ахборот бўлими.

Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан олдиндан олинган маълумотлар асосида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида “Водил-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро А. Б. бошқарувидаги “Cobalt” машинаси кузатувга олиниб, Фарғона тумани ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Текширув натижасида автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 120 миллион сўмлик 7 турдаги 50 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ “Водил — Марғилон” йўналишида 30 миллион сўмлик тикув машиналарининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид