Жаҳон | 21:58 / 18.07.2021
9014
2 дақиқада ўқилади

Армен Лашет матбуот анжуманида ўзини номуносиб тутганлиги учун танқид қилинди

Германия канцлери лавозимига номзод, Христиан-демократик иттифоқ етакчиси Армин Лашет президентнинг мамлакатдаги тошқинларга бағишланган матбуот анжуманида атрофидаги одамлар билан кулишиб тургани учун танқид қилинди. Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер тошқинлар оқибатлари, қурбонлар ҳақида гапираётган вақтда орқа фонда Лашет бир гуруҳ сиёсатчилар билан бирга хандон отиб кулиб турган.

Фото: REUTERS / Tobias Schwarz/Pool

Ушбу ҳолат видеоси Twitter ижтимоий тармоғида эълон қилингач, сиёсатчи ноўрин кулгуси учун танқид қилина бошланган.

Таъкидланишича, Лашет тошқинлардан энг кўп жабр кўрган федерал ерлардан бири - Шимолий Рейн-Вестфалия раҳбари ҳисобланади. 17 июлда Штайнмайер у ерга табиий офатнинг вайронкор оқибатларини муҳокама қилгани келган.

“Бу ҳолатдан тилим айланмай қолди”, деб ёзган Twitter’да Германия Социал-демократик партияси бош котиби Ларс Клингбайль Лашетнинг кулгусига изоҳ бериб. Бошқа сиёсатчилар Лашетдан дарҳол узр сўрашни талаб қилишган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Христиан-демократик иттифоқ етакчисини танқид қилиб, #Laschetlacht (Лашет кулмоқда) хештегини ишга туширишган. Унга, шунингдек, ниқобсиз бўлгани ва ижтимоий масофага амал қилмагани эслатиб қўйилган. 

Кейинроқ сиёсатчининг ўзи ноўрин иши учун узр сўраган. У Twitter’да пост эълон қилиб, унда президентга ташрифи учун миннатдорлик билдирган ва ушбу ҳолатда ўзи ҳақида ёмон таассурот қолдирганидан афсусдалигини айтган.

Якунланаётган ҳафтада Германиянинг ғарбий ва жануби-ғарбий қисмларида кучли ёмғирлар ёғди. Бунинг оқибатида дарёлар ўзанидан чиқиб, тошқинларга ва кўплаб қурбонларга олиб келди. Шунингдек, мингдан ортиқ одам бедарак йўқолган.

Мавзуга оид