Жаҳон | 09:11 / 20.07.2021
5062
2 дақиқада ўқилади

Перуда президент сайловлари ғолиби эълон қилинди

Фото: AP

Перуда ўтган президент сайловларида “Озод Перу” партияси вакили Педро Кастильо ғалаба қозонди. Амалдаги президент Франсиско Сагасти ўз ворисини ғалаба билан табриклади.

“Президент ва вице-президент сайловлари ғолиблари деб Хосе Педро Кастильо Терронес ва Дина Эрсилия Буларте Сегарра эълон қилинсин”, деб айтган Перунинг миллий сайлов ҳайъати бош котиби Лурдес Рита Варгас Уаман.

6 июнда Перуда президент сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтганди. Барча овозлар ҳисоб-китоб қилингач, Кастильо 50,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани маълум қилинганди. Унинг рақиби, “Халқ кучи” партияси вакили Кейко Фухимори эса 49,78 фоиз овоз тўплаган.

19 июлда Перу сайлов ҳайъати “Халқ кучи” сайловлар натижалари бўйича берган шикоят аризаларининг охирги бештасини рад этган. Шундан кейин Фухимори ўз мағлубиятини тан олишга тайёрлигини маълум қилган.

Перунинг янги президенти 28 июлда ўз лавозимига киришади.

Перу президенти 5 йиллик муддатга сайланади.

Мавзуга оид