Иқтисодиёт | 14:47 / 21.07.2021
71168
2 дақиқада ўқилади

Халқ банки раиси лавозимидан озод этилди, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланди

Халқ банки бошқарув раиси Фарҳод Саломов ўз лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнини президент маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Отабоев эгаллади. Бу маълумотни банк матбуот котиби Юнус Бўронов Kun.uz’га маълум қилди.

Фарҳод Саломов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан ишдан кетгани айтилмоқда. У 2019 йил октябрида, Халқ банки бошқаруви раиси этиб тайинланди. Ундан олдин, 2018 йил октябридан шу банк раиси ўринбосари сифатида ҳам ишлаган.

Фарҳод Саломов

Банкнинг янги раиси Шуҳрат Отабоев 1978 йилда туғилган. Дастлаб, Тошкент молия институти (2000 йил), кейинчалик Япониянинг Сиёсий фанлар Миллий институти (2005 йил) ҳамда президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини (2010 йил) тамомлаган.

Шуҳрат Отабоев

Меҳнат фаолиятини 1995 йил Навоий вилоятидаги 14-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчилигидан бошлаган. 1998 йилдан бошлаб Тошкент давлат техника университети «Камолот» жамоат марказида бош ҳисобчи бўлиб фаолият юритган.

2001-2012 йилларда Ўзбекистон Марказий банкида турли лавозимларда меҳнат қилган. 2015-2017 йилларда «Халқ банки» АТ бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган. 2017 йил июнидан 2018 йил 14 ноябрига қадар Марказий банк раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

2018 йил 14 ноябрда «Ипотека банк» АТБ раиси лавозимига тайинланган.

Шуҳрат Отабоев 2021 йил феврал ойидан буён Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломовнинг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди

Мавзуга оид