Ўзбекистон | 11:40 / 23.07.2021
36843
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясига старт берилди

Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда 23 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди.

23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда йирик сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига старт берилди.

Тадбирда сиёсий партиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  Унда Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 октябрь санаси Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови куни, деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди.

Президент сайлови шу йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, октябрь ойида бўлиб ўтади.

2021 йилги президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтади. Унда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.

МСК мажлисида сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити ва тенг шароитлар яратилиши таъкидланди. Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлат вакиллари, журналистлар, хусусан, хорижий журналистлар кузатиб бориши мумкин.

МСКнинг матбуот маркази ва ҳудудий бўлинмалари журналистлар ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказилишини таъминлайди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov-2021” веб портали ва бошқа ахборот ресурслари юритилишини таъминлайди.

Сайловларда 5та партия – «Адолат» Социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеП), Халқ демократик партияси ва Экологик партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.

Чапдан ўнгга: Алишер Қодиров — «Миллий тикланиш» ДП, Баҳром Абдухалимов — «Адолат» СДП, Актам Ҳайитов — ЎзЛиДеП, Улуғбек Иноятов — ХДП, Нарзулло Обломуродов — Экологик партия.

Аввалроқ сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга 300 млрд сўм маблағ ажратилгани хабар қилинган эди. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзод учун 3 миллиард 97 миллион сўм тўғри келмоқда.

  • Маълумот учун, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади.

Мавзуга оид