Ўзбекистон | 10:55 / 24.07.2021
7211
4 дақиқада ўқилади

Хориждаги барча ўзбекистонликлар президент сайловида овоз бериши мумкин – МСК

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маълум қилишича, илгари фақат Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик рўйхатида турган фуқароларгина сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишган бўлса, ҳозирда бу норма бекор қилинган.

«Хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларининг президент сайловида овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш Сайлов кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу борада кўплаб янгиликлар мавжуд. Жумладан, хорижда овоз бериш жараёнини ташкил этиш борасида ҳам қатор ўзгаришлар мавжуд.

Илгари фақат Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик рўйхатида турган фуқароларгина сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишган бўлса, ҳозир ушбу норма ўзгарган. Яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган, мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлган исталган сайловчи хорижда ташкил этилган сайлов участкасига келиб овоз бериши мумкин. Бунда уларнинг консуллик рўйхатида туриши ҳақидаги талаб бекор қилинган.

Чет давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари консуллик рўйхатида ўз вақтида туриш-турмаслигидан қатъи назар биз уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга мажбурмиз.

Шу билан бирга, фуқароларимиз айни пайтда меҳнат қилаётган айрим давлатларда Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари бўлмаслиги, баъзи мамлакатларда эса улар жуда олис шаҳарларда бўлиши мумкин. Бундай шароитда овоз бериш жараёни ушбу фуқаролар яшаб турган жойга бориш орқали ташкил этилади. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси бугунги кунда Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган», дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу участкалар улар жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

2021 йил 8 февралдаги 670-сонли қонунга асосан Сайлов кодексига киритилган 27-1-моддада келтирилишича, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганини исталган вақтда эълон қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистонда президентлик сайловларига расман старт берилди. Сайлов жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Сайловчилар президентликка номзодлар кимлигини сайловга қирқ беш кун қолгунга қадар билиб олишади.

Мавзуга оид