Ўзбекистон | 11:42 / 26.07.2021
7813
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида Президент мактабига тест синовлари бошланди

Самарқанд шаҳридаги «Локомотив» марказий жисмоний тарбия спорт клуби Самарқанд филиали футбол майдони ҳамда Самарқанд шаҳар 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадионида Президент мактабига талабгор ўқувчилар учун тест синовлари ўтказилмоқда. Бугун куннинг биринчи ярмида ўтказилган тест синовларида икки минг нафардан ортиқ талабгорлар тест синовларида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, илк ўқув йили учун Самарқанддаги Президент мактабига 14 минг нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар ариза топширган. Шундан 13 329 та ҳужжат қабул комиссияси томонидан тасдиқланган. Белгиланган тартибга кўра, айни пайтда талабгорлар дастлабки босқич синовларида иштирок этмоқда. Илк босқич синовлари 26, 27, 28 июль кунларида ўтказилиши белгиланган.

Қайд этилишича, тест жараёнларини шаффоф ва ҳаққоний ўтказиш мақсадида тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча зарурий чоралар амалга оширилган. Ўқувчилар тўлиқ Face ID текширувидан ўтказилиб, карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда тест жараёнларига киритилмоқда. Бевосита Cambridge Assessment ташкилоти вакиллари тест жараёнларини онлайн кузатишмоқда. Ота-оналар учун ҳам онлайн тартибда кузатиш имконияти яратилган.

Таъкидланишича, тест жараёнлари якунида барча жавоб варақалари шу ернинг ўзида махсус муҳрланиб, Буюк Британияга жўнатилади. Cambridge Assessment ташкилотида жавоблар махсус ускуналарда текширилган ҳолда натижалар эълон қилинади.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, дастлабки синов натижалари август ойининг ўрталарида эълон қилиниши кўзда тутилган. Иккинчи босқич синовлари август ойининг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган.

Президент мактаблари лойиҳаси Cambridge Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилиши билан бирга, ушбу лойиҳани янада самарали йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан кўплаб хорижий мутахассислар ҳам жалб қилинган. Улар ҳам бевосита тест жараёнларини кузатиб, тавсия ва кўрсатмаларини бериб бормоқда.

Мавзуга оид