Иқтисодиёт | 12:19 / 30.07.2021
6855
2 дақиқада ўқилади

Биринчи ярим йилликда бюджет харажатлари даромадлардан кўп бўлган – Сенат

Дастлабки ярим йилликда давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион сўмни, харажатлари эса 79,3 триллион сўмни ташкил этган.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида жорий йилнинг дастлабки ярим йиллиги бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион сўмни ташкил қилган. Шундан 61 триллион сўмдан ортиғи солиқ тушумлари, қарийб 15 триллион сўмга яқин маблағлар божхона органлари томонидан ундирилган маблағлар ҳисобига тўғри келади.

Ўз навбатида мазкур давр мобайнида давлат бюджетининг барча харажатлари 79,3 триллион сўмни ташкил этиб, шундан 51 фоиздан ортиғини ижтимоий соҳага ажратилган харажатлар ташкил этган.

Биринчи ярим йилликда ўзлаштирилган инвестициялар прогнозларга нисбатан 30 фоизга юқорироқ бўлган. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга ортган.

Мусаевнинг маълум қилишича, биринчи ярим йилликда 4,8 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Бу йил бошидаги прогнозларга нисбатан 30 фоизга кўплиги таъкидлаб ўтилди.

2021 йилнинг дастлабки олти ойи давомида республика бўйича экспорт ҳажми 7 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга кўпдир.

Шунингдек, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 7794та маҳаллаларда 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Қайд этилишича, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чорвачилик соҳасида 7,2 триллион сўмлик 1828та лойиҳалар тижорат банклари томонидан молиялаштирилмоқда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид