Тотализаторни қонунийлаштириш: афсона ва ҳақиқатлар
Асли ўзбекистонлик, айни пайтда Россия фуқаролигини олган Б.Ш. узоқ йиллар давомида тотализатор ўйинларига пул тиккан. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда тотализаторни қонунийлаштиришнинг оқибатлари ва бунинг келишилган ўйинларга таъсири ҳақида сўзлаб берди.
“Тотализаторни қонунийлаштириш фойда бермайди”
— Тотализаторни қонунийлаштиришнинг биринчи мақсади – аввало, букмекерлик компанияларидан солиқ ундириш. Бу ҳолат Россияда ҳам юз берганди. Айни пайтда мамлакатда рўйхатдан ўтмаган ҳамма компаниялар блокланган.
Агар тотализатор Ўзбекистонда қонунийлаштирилган тақдирда ҳам, келишилган ўйинларга қарши нимадир ўзгаришига ишонмайман. Бунга деярли юз фоиз аминман. Чунки конторра қонуний ёки қонуний эмаслигининг бунга умуман дахли йўқ.
Ўзбекистондаги келишилган ўйинларда қатнашадиган одамларнинг аксарияти мамлакат ичида фаолият олиб бормайди. Уларнинг вакиллари кўпроқ Осиёнинг бошқа мамлакатларида ёки Россияда. Чунки Ўзбекистондаги ўйинларга чеклов қўйилган, камдан кам ҳолатлардагина катта пул тикиш мумкин. Қайсидир ўйинга кўпроқ катта пул тикила бошланса, ўша ўйиннинг коэффициенти тушиб кетади, ёки ўша ўйинга ставка қилиш бекор қилинади.
Ўзим ҳам Ўзбекистондаги баъзи ўйинларга қатнашиб қолганман. Коэффициентлардан ўйиннинг натижасини олдиндан билишингиз мумкин. Шу сабабли қонунийлаштирилган билан ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Ҳозир шу иш билан шуғулланаётган одамлар, бундан кейин ҳам ишини давом эттираверади.
“Футболга инвестиция киритишни ҳам оширмайди”
— Бир нарсага эътибор қаратиш керак, тотализатор фирмалар ўзбек футболига инвестиция киритиши мумкин, аммо бу пуллар мамлакат ичида ўйнаётган одамлар ҳисобидан амалга оширилади. Яқинда Ўзбекистонга бориб келганимда гувоҳи бўлдимки, футболга қизиқмайдиган одамлар орасида ҳам ставка қилиш жуда авж олиб кетган.
Ҳамма фақат ютган пули ҳақида гапиради, аммо ҳеч қайси бири ютқазган пуллари ҳақида лом-мим демайди. Шу сабабли, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўзбек футболига тотализатор ҳеч қандай фойда келтирмайди. Одамлар чўнтагидан футболга пул тикишга тайёр бўлса, тотализаторни олиб киришсин. Букмекерлик компаниялари ҳам аҳмоқ эмас, улар ҳам бозорни яхшилаб ўрганиб, катта миқдорда пул олиб чиқишга амин бўлишсагина, мамлакатга киришади.
Компаниялар қонуний тарзда ишлашни бошлашса, улар қонуний тарзда реклама беришни ҳам бошлашади. Бу эса ўйнайдиганлар сонини каррасига ошириши мумкин.
“Агар фақат ютаверсангиз, бекмекерлик компания сизни блоклаб қўяди”
— Ҳозир деярли ўйнамайман. Вақтида катта суммаларни тикканман, ютқазганман, баъзида ютганман. Умумий ҳисобда барибир ютқизганман. Биринчи марта 2004 йилда ставка қилганман. Тахминан, 16-17 йилдан бери шуғулланаман.
Букмекерлик компанияларидан пул ютиш мумкинми? Йўқ. Агар сиз доимий даражада юта бошласангиз, компания бирданига ҳисобингизни блоклаб қўяди. Ёки максимум пул тикишингизни чеклаб қўяди, катта миқдорда пул тика олмайсиз. Бу – ўзимнинг бошимдан ўтган, исботланган нарса.
Уларнинг қоидаларига сиз рози бўлсангизгина, пул тика оласиз. Қоидаларида белгиланишича, компания ҳисобингизни блоклаши, пулингизни олиб қолиши ёки ютуғингизни кесиб ташлаши мумкин. Регистрация қилаётганингизда ҳамма шартига рози бўлганингиз учун судга ёки бошқа ташкилотга арз ҳам қила олмаймиз.
2004 йилдан бери тотализатор билан шуғулланаман, дедингиз. Ушбу вақт давомида Ўзбекистондаги бирор бир спортчи, спорт мураббийи ёки шу соҳага алоқадор инсон сизга мурожаат қилганми?
— Албатта. Букмекерлик компанияларида Ўзбекистон чемпионати берила бошланганидан сўнг бу каби ҳолатлар учрашни бошлади. Охирги 2-3 йил ичида ўзимга ҳам мурожаатлар бўлди шу масалада. Мен Ўзбекистон футболидан анча узоқ одам бўла туриб, бунга дуч келганимни ҳисобга оладиган бўлсак, бу каби ҳолатлар ўзбек футболида кўп бўлса керак.
Бу нарсага эътибор қаратиш керакки, Олий лигада ҳам бунақа ўйинлар бўлиб туради. Табиийки, биринчи лигада бунақа ҳолатлар жуда кўп учрайди. Менинг ўзимга ҳам биринчи лига жамоасини олишга таклиф бўлган. Агар рози бўлсам, таклиф қилинган жамоа мен хоҳлаган ўйинни қилиб бериши керак эди. Таъкидлашларича, баъзи жамоалар шу йўсинда “тирикчилик” қилишяпти. Мен рози бўлмаганман бу таклифга.
Ўйлашимча, махсус органлар бу нарсаларга эътибор қаратиши керак. Футболда келишилган ўйинларнинг мавжудлиги ҳеч қандай ривожланишга олиб келмайди.
“Тотализатордан ҳеч ким фойда билан чиқмайди”
— Ҳозиргача дунёда ҳеч ким тотализатордан фойда билан чиқмаган. Мен шунча йилдан бери бунақа одамни учратмадим. Агар кимдир мен ютганман, деса ҳам, ишониш керак эмас. У одам ёлғон гапиряпти. Конторра ҳеч қачон доимий равишда унинг пулини ютиб келишингизга имконият бермайди. Қанақа натижа бўлишидан қатъи назар, компаниялар камида 10 фоиз фойда билан чиқишади. Сиз кетма-кет 10 марта Ўзбекистон чемпионатига пул тикиб ютсангиз, ҳисобингизни блоклаб қўйишади.
Осон пул топиш илинжида юрган одамларга шуни айтишим керакки, бу нарсадан пул топишнинг умуман иложи йўқ. Шунча йиллик тажрибамда бунга юз фоиз амин бўлганман.
Достон Аҳроров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:06 / 14.09.2024
Букмекерлик компаниясининг логотипидан фойдаланган реклама агентлиги жаримага тортилди
19:48 / 10.09.2024
Хитойда 43 футболчи келишилган ўйинлар учун умрбод дисквалификация қилинди
13:53 / 04.12.2023
Ўзбекистон карталаридан онлайн қимор ўйинларига трансчегаравий ўтказмалар тақиқланди
15:13 / 06.10.2021