Спорт | 14:42 / 02.08.2021
10400
9 дақиқада ўқилади

Ҳамробековдан Гутигача. Суперлига 2-даврасининг энг муҳим 10 трансфери

5 июлдан 1 август кунига қадар Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси очиқ бўлиб, Суперлига клублари ўз таркибларини кучайтириш ҳаракатида бўлишди. Молиявий жиҳатдан барқарор бўлган клублар номдор ўйинчилар билан келишувга эришган ёки таркибини деярли янгилаган бўлса, баъзи жамоалар «кўрпага қараб оёқ узатишди». Tribuna.uz Суперлига 2021 йилги мавсуми иккинчи даврасидан олдин амалга оширилган энг муҳим трансферлар ўнлигини тузди.

1. Одил Ҳамробеков

Собиқ клуби: «Шабаб Ал Аҳли» (БАА)

Янги жамоаси: «Пахтакор»

Трансфер баҳоси: 1 миллион евро

Жалолиддин Машарипов ва Игорь Сергеев сингари ўйинчилар мавсум бошида «Пахтакор»ни тарк этгач, Одил Ҳамробеков Transfermarkt порталига кўра Суперлиганинг энг қиммат ўйинчисига айланганди. Аммо 25 ёшли яримҳимоячи ҳам 6 март куни БААнинг «Шабаб Ал Аҳли» жамоасига ўтганди. Дубай клубида жароҳат олган Азиз Ғаниев ўрнига чақирилган Ҳамробеков 5 ой ўтгач, яна амалдаги чемпион сафига қайтди ва трансфер баҳоси бўйича яна Суперлиганинг энг қимматбаҳо икки ўйинчисидан бири бўлиб турибди. 

2. Достонбек Ҳамдамов

Собиқ клуби: «Ҳатта» (БАА)

Янги жамоаси: «Пахтакор»

Трансфер баҳоси: 1 миллион евро

Ўзбекистонга қайтган Суперлиганинг яна бир қимматбаҳо ўйинчиси Достонбек Ҳамдамов бўлди. Амалдаги чемпионнинг ҳомийси клубни тарк этгач, «Пахтакор» молиявий муаммолар сабабли февраль ойида Ҳамдамовни БААнинг «Ан-Наср» клубига трансфер қилишга мажбур бўлганди. Бу клуб эса 25 ёшли ҳужумкор яримҳимоячини «Ҳатта» клубига ижарага бериб юборган эди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор»га янги ҳомийларни бириктиргач, пойтахт жамоаси раҳбарияти Ҳамдамовни ортга қайтарди. Ҳамробеков сингари, Ҳамдамовнинг ҳам «Пахтакор»га қайтиши клубни чемпионлик учун курашда яна яққол фаворитга айлантирди.

3. Жасур Жалолиддинов

Собиқ клуби: «Андижон»

Янги жамоаси: «Локомотив»

Трансфер баҳоси: 600 минг евро

Жасур Жалолиддинов Россиянинг «Локомотив» клубидан ортга қайтгач, барчасини яна бошидан бошлаш учун собиқ мураббийи Отабек Ғуломхўжаев қўл остидаги «Андижон» сафига бориб қўшилганди. 19 ёшли яримҳимоячи учун мавсум яхши бошланган, Жасур водий клубидаги ярим йиллик фаолияти давомида аввалги ҳолатига қайтишга эришган бўлса-да, клубининг қониқарсиз натижалари туфайли Ғуломхўжаев истеъфога чиқарилди. Натижада Жасур ҳам биринчи давра тугаши билан «Андижон»ни тарк этиб, 2-давра олдидан энди Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси аъзосига айланди. Ёш яримҳимоячи португалиялик мутахассис Микаэль Секейра қўл остида янги қирраларини кашф этиши мумкин.

4. Андрия Калуджерович

Собиқ клуби: «Пролетар» (Сербия)

Янги жамоаси: «Насаф»

Трансфер баҳоси: 300 минг евро

Қаршининг «Насаф» клуби ёзги трансфер ойнасида ўз сафини легионер ҳужумчи билан кучайтирди. Нафақат Суперлига, ОФК кубогида ҳам ғолиблик учун курашишни мақсад қилган Рўзиқул Бердиев одатда бор эътиборини маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиб, 1 ёки 2 нафар легионерни жалб этади ва шунда ҳам маҳаллий ўйинчилардан бир бош баланд хорижликларни жалб этади. Бунга Драган Черан ёки Марко Станоевични мисол келтириш мумкин. Бу сафар мураббий Марко Станоевичнинг собиқ жамоадоши Андрия Калуджеровични Қарши клубига таклиф этди. Хорватия, Испания, Швейцария, Австралия, Ҳиндистон, Қатар ва яна бир қатор мамлакатларда тўп суришга улгурган тажрибали ҳужумчи «Насаф» ҳужум чизиғини кучайтириш учун чақирилган.

5. Боян Матич

Собиқ клуби: «Партизан» (Сербия)

Янги жамоаси: «Пахтакор»

Трансфер баҳоси: 600 минг евро

Молиявий жиҳатдан яна барқарор клубга айлантирилган «Пахтакор» ёзги трансфер ойнасида кучли таркибини номдор ўйинчилар билан янада кучайтирган жамоага айланди. Ҳамробеков ва Ҳамдамовдан ташқари ҳужум чизиғида сербиялик Боян Матич ҳам таклиф этилди. Сербиянинг «Партизан» клуби ҳужумчиси «Пахтакор»ни тарк этган Суперлиганинг энг кўп маош олувчи ҳужумчиси Эрен Дердийўқ ўрнини тўлдириш учун таклиф этилган. Бунгача Сербия, Жанубий Корея ва Грецияда фаолият юритган 29 ёшли Матич жорий мавсумни Афинанинг «Атромитос» клубида бошлаган бўлса, йил якунигача Ўзбекистонда тўп суради.

6. Ислом Кенжабоев

Собиқ клуби: «Жежу Юнайтед» (Ж.Корея)

Янги жамоаси: «Қизилқум»

Трансфер баҳоси: 375 минг евро

2020 йил якунида «Насаф»ни тарк этган Ислом Кенжабоевнинг хориждаги фаолияти у қадар ўхшамади. 21 ёшли яримҳимоячи йил бошида Жанубий Кореянинг «Жежу Юнайтед» клуби сафига ўтган бўлса-да, турли сабаблар туфайли легионер сифатида деярли ўйин амалиётига эга бўлмади. Натижада Кореядаги 6 ойлик фаолиятидан кейин клуби билан келишувни ўзаро бекор қилишга қарор қилди. Исломни Рўзиқул Бердиев Қарши клубига чақирган бўлса-да, Кенжабоев ўзи туғилиб ўсган Навоийнинг «Қизилқум» клубига ўтишга қарор қилди.

7. Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимов

Собиқ клуби: «Машъал»

Янги жамоаси: «Турон»

Трансфер баҳоси: 400 минг евро / 350 минг евро

Трансфер рейтингимизнинг 7-поғонасидан бир йўла икки футболчи жой олди. Сабаби Муртазоев – Абдураимов жуфтлиги бунгача «Насаф» ва «Бунёдкор»да ҳам бирга ўйнашганди. Молиявий жиҳатдан камтарона йиллик бюджети билан Суперлигада ўртамиёналар сафида бораётган «Машъал» клуби ёзги трансфер ойнасида икки етакчисини сотишга мажбур бўлди. Мавсум бошида таркибини кучайтириш учун катта пул сарфлаган «Турон» клуби 1-даврадан кейин ҳам Суперлигада аутсайдерлар сафини тарк эта олмагач, 2-давра олдидан 10га яқин футболчиси билан хайрлашди. Игорь Шквирин мураббийлиги қўл остида бир қатор янги ўйинчилар жалб этилди. Хусусан, Муборак клубидан Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимов трансфер қилиниб, улар билан узоқ йиллик шартнома имзоланди. Бу футболчилар таркиби учун катта харажатларни амалга ошираётган Яйпан клубини қуйи ўринлардан юқорироқ поғонага олиб чиқиши мумкин.

8. Баҳром Абдураҳимов

Собиқ клуби: «Навбаҳор»

Янги жамоаси: «Насаф»

Трансфер баҳоси: 200 минг евро

Сўнгги икки йил давомида «Пахтакор», ОКМК, «Навбаҳор» жамоаларида тўп сурган Баҳром Абдураҳимов яна «Насаф»га қайтди. Рўзиқул Бердиев андижонлик яримҳимоячини майдон марказидаги рақобатни кучайтириш учун таклиф этган. Қолаверса, Абдураҳимов ОФК кубогида ҳам тажрибаси билан нисбатан ёш таркибга эга воҳаликларга ёрдам бериши мумкин. Аммо Баҳромнинг қайтишидан кейинги дастлабки ўйини омадсиз чиқди. Суперлига доирасида «Локомотив»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушган футболчи қизил карточка олиб, мағлубиятга (0:2) учраётган жамоасини янада қийин вазиятга тушириб қўйди.

9. Мартин Боаке

Собиқ клуби: «Андижон»

Янги жамоаси: ОКМК

Трансфер баҳоси: 125 минг евро

Италия ва Гана фуқаролигига эга Мартин Боаке биринчи даврада «Андижон» сафида ўзини кўрсата олди, дейиш мумкин. 12 ўйинда 2та гол ургани яхши кўрсаткич эмасдир, аммо 26 ёшли ҳужумчи жамоасининг яримҳимоя чизиғига ҳам кўп ёрдам берди. Боаке ўз ўйини билан Миржалол Қосимов эътиборига тушгач, Олмалиқ клуби билан шартнома имзолади. Жисмонан бақувват ўйинчи энди ОКМКга совринли ўринлар учун курашишда ёрдам беришга интилади.

10. Коста Гутинер

Собиқ клуби: «Оболонь Киев»

Янги жамоаси: «Навбаҳор»

Трансфер баҳоси: 100 минг евро

Ёзги трансфер ойнасида «Навбаҳор»даги энг катта ўзгариш таркибида эмас, мураббийлар штабида рўй берди. Самвел Бабаян Наманган клубида расман маслаҳатчи мураббий сифатида иш бошлаган бўлса-да, аслида норасмий тарзда бош мураббий бўлиб фаолият олиб бораётгани, таркибга ҳам янги ўйинчиларни айнан у жалб этгани кўпчиликка сир эмас. Иккинчи давра олди ўтказилган йиғинлар давомида 10дан ортиқ футболчилар, бир қатор легионерлар кўрикдан ўтказилган бўлса-да, фақат 3 нафар хорижлик олиб қолинди. Улар орасида клуб Гути номи остида танилган бразилиялик Коста Тенерио Гуттинер билан 2023 йил якунига қадар шартнома имзолади. Бразилия ва Украинанинг бир қатор клубларида тўп сурган 26 ёшли яримҳимоячи Азиз Турғунбоевдан кейин «Навбаҳор» мухлисларининг ёқимтойига айланиши мумкин.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид