Жаҳон | 09:14 / 03.08.2021
11746
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс расман ажрашди

Фото: Global Look Press

Microsoft компанияси асосчиси, дунёнинг энг бой одамларидан бири Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда Френч Гейтс расман ажрашиш жараёнини якунлашди.

CNN Business телеканали маълумотларига кўра, 2 август куни уларнинг ажрашиш ҳақидаги қарори суд томонидан маъқулланди.

Телеканалнинг суд ҳужжатларига таяниб хабар беришича, собиқ эр-хотиндан бирортаси бир-бирига алимент тўлаймайди. Ажрашиш жараёнининг бошқа молиявий томонлари маълум қилинмаган.  

Шунингдек, ҳужжатларда Мелинда Гейтс ўз фамилиясини ўзгартирмоқчи эмаслиги кўрсатилган.

Жуфтлик 27 йиллик биргаликдаги турмушдан кейин ажрашиши ҳақида май ойида эълон қилганди. Жуфтликнинг бу борадаги баёнотида улар бундай қарорга “жуфтлик сифатида ортиқ ўса олишларига ишонмаяётганлари” сабабли келганлари айтилган.

Бироқ ОАВнинг хабар беришича, жуфтликнинг ажрашишига Билл Гейтснинг одам савдосида айбланган молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқага эга бўлгани ҳамда Microsoft ходималаридан бири билан ишқий муносабатларда бўлгани сабаб бўлиши мумкин.

Билл ва Мелинда Гейтс ўзларининг биргаликдаги жамғармалари доирасида ўзаро фаолиятни давом эттиришларини таъкидлаб ўтишган.

Билл Гейст Мелинда билан у Microsoft’да 1987 йилда фаолиятини бошлаганда танишган. Жуфтлик 1994 йилда турмуш қурган. Ҳозир уларнинг икки қиз ва бир ўғил фарзанди бор.

Айни вақтда Билл Гейтснинг бойлиги 131 млрд долларга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид