Ўзбекистон | 12:04 / 05.08.2021
12285
1 дақиқада ўқилади

Ангрен шаҳрида кўп қаватли уйда ёнғин чиқиб, 25 киши эвакуация қилинди

Бугун, 5 август куни, эрталаб соат 09:00ларда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Ангрен шаҳри 5/1 даҳасида жойлашган тўққиз қаватли уйнинг 6-қаватида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, тизимдаги ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига беш дақиқа ичида етиб келган. Қутқарувчилар томонидан ёнғинни ўчириш билан бир вақтда бинонинг юқори қаватидаги фуқароларни эвакуация қилиш ишлари ҳам амалга оширилган.

Бир неча дақиқа ичида 25 нафар фуқаро хавфсиз жойга олиб чиқилиб, ёнғин соат 09:38да тўлиқ бартараф этилган. ФВВ ходимлари ҳаракатлари натижасида жабрланиш ва ҳалок бўлиш ҳолатларига йўл қўйилмагани айтилади.

Билдирилишича, ёнғин оқибатида хонадоннинг 50 квадрат метр майдони зарарланган. Ҳозирда мутахассислар ёнғин сабабини аниқлашмоқда.

Мавзуга оид