Жамият | 13:14 / 08.08.2021
33094
5 дақиқада ўқилади

«Дача» кимники? Зоминдаги ёнғин бўйича саволлар ҳамон очиқ қолмоқда

Зомин туманининг тоғли ҳудудида 80 гектар эмас, 27 гектар майдонга зарар етгани маълум қилинди, қанча дов-дарахт нобуд бўлгани маълум эмас.

Зомин туман ҳокимлиги Kun.uz сайтида эълон қилинган «Ўт мансабдорга тегишли “дача”дан чиққан бўлиши мумкин» – Зоминдаги ўрмон ёнғини сабаблари нега сир тутилмоқда?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди. Ҳокимлик муносабатида Зомин туманидаги ўрмон ёнғинининг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича республика даражасида махсус ишчи гуруҳ тузилгани, ҳолатнинг асл сабабини аниқлаш бўйича ўрганишлар олиб борилаётгани айтилган.

«Ишчи гуруҳ ва тегишли органларнинг расмий ахборотлари эълон қилинмасданоқ интернет тармоқларида ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва ёнғин билан боғлиқ турли тахминларга асосланган хабарлар тарқалди.

Мақолада Зомин туманида содир бўлган ёнғин бўйича бир қанча фактлар келтириб ўтилган бўлиб, уларнинг айримларига аниқлик киритиб ўтмоқчимиз.

Мақолада келтирилганидек ёнғин чиққан ҳудуд Зомин давлат қўриқхонасига эмас, балки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тегишли бўлган Зомин миллий табиат боғининг ҳудуди ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўриклисой дам олиш масканида Жиззах вилояти ҳокими ва Зомин тумани ҳокимига шахсан тегишли бўлган дала ҳовлилар мавжуд эмас.

Ҳозирда ишчи гуруҳнинг дастлабки хулосасига кўра, ёнғин 80 гектар эмас, 27 гектар майдондаги ўсимлик ва дов-дарахтларга зарар етказгани аниқланди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ў.Бердибеков соғлиғидаги муаммолар туфайли шифохонада даволаниш жараёнида эканлиги сабабли, Kun.uz таҳририяти билан боғлана олмаганини маълум қиламиз», дейилади Зомин туман ҳокимлигининг «Гумон иймондан айиради» сарлавҳали муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида 1 август куни йирик ёнғин юз берган, соат тахминан 10:40да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнгани, оловни ўчиришга 1600га яқин одам жалб этилгани ҳақида маълум қилганди.

Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмонов ҳам «ёнғин асосан инсон омили билан боғлиқ ҳолда юз берган бўлиши мумкинлиги»ни айтганди. У ёнғин бошланиши арафасида ўрмонда ҳаво очиқ, ҳарорат Цельсий бўйича 26—28 даража илиқ бўлгани, шунингдек, ҳудуддан ўтган электр узатиш линияларида ҳам узилишлар қайд этилмаганини қайд этган. «Ҳозирда ёнғиннинг сабабини ва кўрилган моддий зарарнинг миқдорини аниқлаш бўйича терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда», деганди Абдураҳмонов.

Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада Зомин ҳудудида содир бўлган ёнғинга мансабдор шахсга тегишли дала ҳовлида олиб борилган пайвандлаш ишлари сабаб бўлгани эҳтимоли айтилганди. Унда бевосита Зомин тумани ҳокимининг ўзи эмас, расман укасига тегишли эканлиги айтилаётган дала ҳовли назарда тутилганди.

Ёнғин оқибатида 80 гектар майдонга зарар етгани ҳақидаги маълумот ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манбасига таянилган ҳолда эълон қилинганди.

Зомин туман ҳокимлиги муносабати ҳақиқатга тўғри келмаяпти

Kun.uz Зомин миллий табиат боғи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов билан телефон орқали боғланди.

Ҳазратқуловнинг сўзларига кўра, Зомин туманидаги ёнғин 80 гектар эмас, сўнгги ҳисоблашларга кўра 27 гектар 80 сотих майдонга зарар етказган. Уч кундан бери ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилмоқда. Миллий боғ масъули бу ҳолат ўзларини ҳам қаттиқ ташвишга солаётгани ва аниқ рақамлар маълум бўлиши билан ОАВда эълон қилинишини билдирди.

Шу ўринда Зомин тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг ёнғин миллий табиат боғи ҳудудидан чиққани ҳақидаги иддаоси Ҳазратқулов томонидан рад этилди.

«Ёнғин чиққан жой Зомин миллий табиат боғи ҳудуди ҳисобланмайди. Ўша пайвандлаш ишлари олиб борилган дала ҳовли ҳали миллий табиат боғи ташкил қилинмасдан аввал хусусийлаштириб берилган», деди Ҳусниддин Ҳазратқулов.

Савол туғилади. Зомин тумани ҳокимлиги ёнғин чиққан жойни миллий табиат боғи ҳудуди деяпти. Миллий боғ бу маълумотни рад қилиб, ёнғин ҳудуди дея тахмин қилинган «дача» бизга тегишли эмас демоқда. Ваҳоланки, ўша дала ҳовли эгаси Зомин туман ҳокимлигига маълум бўлмаслиги мумкин эмас. Шундай экан, бу маълумот нега ошкор қилинмаяпти.

Kun.uz мавзуга яна қайтади.

Мавзуга оид