Ўзбекистон | 19:53 / 08.08.2021
43618
3 дақиқада ўқилади

Кафе ва ресторанлар фаолиятига қўйилган чекловлар юмшатилди

10 август кунидан бошлаб ходимларини тўлиқ эмлаган кафе ва ресторанлар соат 20:00дан кейин ҳам ишлаши мумкин бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги умумий овқатланиш объектлари фаолиятига карантин чекловлари татбиқ этилмайдиган ҳолатлар белгилангани ҳақида маълум қилди. 

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнларини жадаллаштириш масаласи муҳокама қилинган.

«Жорий йил 2 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши шароитида аҳолини профилактик эмлаш тартиби белгиланди.
Дунё миқёсида ҳам коронавирус инфекцияси кенг тарқалишини жиловлаш мақсадида хорижий мамлакатларда мазкур инфекцияга қарши эмлаш бўйича чора-тадбирлар жадаллашиб бормоқда. Хусусан, Франция, Греция, Италия, Латвия, Россия Федерацияси, Қозоғистон каби давлатларда ишчи ва ходимлари тўлиқ эмланган тадбиркорлик субъектлари карантин чекловлари шароитида фаолият кўрсатиши учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда.

Пандемия билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазиятда ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўп сонли тадбиркорларнинг илтимос ва мурожаатларини инобатга олиб, Республика махсус комиссия йиғилишида умумий овқатланиш объектлари фаолияти учун белгиланган чекловларни юмшатиш масаласи муҳокама қилинди», дейилади ССВ хабарида.

Шу муносабат билан аҳолини оммавий эмлаш коронавируснинг янги тўлқинларининг олдини олишнинг муҳим омили эканлигини ҳисобга олиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини пандемия шароитида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва эмлаш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсадида махсус комиссиясининг қарори билан:

2021 йил 10 августдан эътиборан:
умумий овқатланиш объектлари – ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарнинг ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификати бўлган тақдирда, уларга нисбатан соат 8:00дан 20:00гача ҳамда фақат очиқ ҳавода фаолият кўрсатиши билан боғлиқ карантин чекловлари татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Бунда умумий овқатланиш объектларига коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритиш тавсия этилади (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно).

2021 йил 1 октябрдан бошлаб:
тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш субъектларининг ишчи ва ходимлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификати бўлмаган тақдирда, уларнинг фаолият кўрсатиши вақтинчалик тўхтатилади.

Мавзуга оид