Ўзбекистон | 10:42 / 10.08.2021
6850
4 дақиқада ўқилади

Президент сайлови округлари тузилди

Ўзбекистон Республикаси президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари тузилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши 2021 йил 9 август куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларини тузиш ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда муҳокама қилинадиган биринчи масала бўйича Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б.Қўчқоров маълумот берди, у йиғилиш қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш учун сайлов округларини тузиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, уларнинг вазифалари, тузиладиган округлар рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссиялари жойлашган жой ҳақида маълумот берди.

Ҳар бир сайлов округидаги сайловчилар сони йиғилиш ўтказилган санагача сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизимининг маълумотлари асосида аниқланган.

Округ сайлов комиссияларининг жойлашуви Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Сайлов кодексининг 9-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 14 та сайлов округлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Таъкидланишича, сайлов округлари рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашуви кўрсатилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

Йиғилишда, шунингдек, ОАВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқа қилиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, сайловолди ташвиқоти даврида объектив маълумотларни кенг қамровда, тезкор ва мустақил тарқатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳамда овоз бериш натижаларини санаб чиқиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари вакилларининг бу каби ваколатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.

Қонунчилик талабларига кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни бошланган. Оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси эълон қилинган кундан бошлаб аккредитация қилиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу мурожаатларни қабул қилиш сайловдан ўн кун олдин тўхтатилади.

Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказишни сўраб бир қатор оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келиб тушган. Йиғилишда 500 дан ортиқ ОАВ вакилларига аккредитациядан ўтказиш бўйича тегишли гувоҳномаларни бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Келгусида ОАВдан мурожаатлар бўйича МСК уларнинг аккредитациясини ўрнатилган тартибда амалга ошириши маълум қилинди.

Мавзуга оид