Жамият | 14:44 / 13.08.2021
1562
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қарздор ота фарзандлари учун 43 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида қарздор ота фарзандлари учун 43 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2016 йил 9 ноябрдаги қарорига асосан қарздор Ж.Э.дан ундирувчи Т.Т.га уч нафар фарзандининг таъминоти учун даромаднинг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Паст Дарғом бўлими ижро ишини юритган.

Қайд этилишича, мазкур ижро ҳужжатига кўра қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотлар асосида унинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Ушбу ижро ҳужжати юзасидан қарздор анча вақтдан буён алимент пулларини тўламасдан келгани сабабли алимент қарзи 43 миллион сўмни ташкил қилган.

Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари қарздор Ж.Э. билан тушунтириш ўтказган. Унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи эканлиги тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзандларининг таъминоти учун 43 миллион сўм алимент пулларини тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид