Ўзбекистон | 23:01 / 16.08.2021
49124
8 дақиқада ўқилади

Нега Ғарб Афғонистондан чиқиб кетди?

Марказлашмаган, ўнлаб гуруҳларга бўлиниб кетган душманга қарши кураш бундан кейин ҳам самара бермаслиги ойдинлашди. Қолаверса, дронларнинг ҳарбий соҳага кириб келиши ва замонавий дунёда урушнинг кибермаконга кўчгани ҳарбий стратегияларни ўзгартириб юборди.

Афғонистондан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўшинларининг чиқиб кетиши натижасида “Толибон” ҳокимиятга келди. Афғонистон тўла забт этилиши оқибатида Марказий Осиё мамлакатларига бир қанча янги таҳдидлар пайдо бўлиши мумкин.

2021 йилнинг 14 апрелида АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан қўшинларни 11 сентябргача олиб чиқиб кетишини эълон қилгач, “Толибон” гуруҳи ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштирди. Бу эса 15 август куни Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг истеъфо бериши ҳамда Кобулнинг “Толибон” назоратига ўтишига олиб келди.

Афғонистон тўла забт этилиши учун бир неча ой вақт кетган бўлишига қарамай, воқеалар ривожи узоқ йиллик тенденциялар асосида шакллангани ва Марказий Осиё давлатларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўришимиз мумкин.

Нега Ғарб давлатлари “Толибон”га ён берди?

Биринчидан, тарихга назар соладиган бўлсак, “Толибон”нинг дастлабки вакиллари Афғонистондаги фуқаролар урушидан Покистон ҳудудига қочиб ўтган аҳоли ёки уларнинг фарзандлари эди. Улар, асосан, совет қўшинларига ёки Москва ҳомийлигида тузилган Нажибуллоҳ ҳокимиятига қарши кураш олиб бориш мақсадида ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва молиялаштирилган. Бу ишларнинг назорати эса “Ал-Қоида” ҳамда Усама бин Лодин қўлида бўлган.

Совет иттифоқининг парчаланиши ва Афғонистонда Нажибуллоҳ ҳукуматининг қулаши билан мужоҳидларга бўлган эътибор камайиши Усама бин Лодинни “Ал-Қоида” ҳамда унга аъзо ташкилотларнинг ягона етакчисига айлантирди. Саудия Арабистонининг ўзига тўқ оиласида улғайган бин Лодин ўзининг асосий мақсади сифатида Фаластиндаги ерларни арабларга қайтариб беришни қўйганди. Бу даврнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, кўпинча АҚШ ёки Исроилга тегишли объектлар террорчилик ҳужумларининг нишонига айланарди. Талаб эса геосиёсий кайфиятда бўлиб, Фаластин ерлари қайтариб берилиши эди.

Бироқ 2001 йил Афғонистонда “Толибон”ни ағдаришга қаратилган, 2003 йил Ироқда Саддам Ҳусайнга қарши амалга оширилиши бошланган ҳарбий ҳаракатлар ва 2011 йилда бин Лодиннинг жисмонан йўқ қилиниши билан якунланган махсус операция натижасида “Ал-Қоида” ва унга аъзо ташкилотлар ўз хусусиятларини ўзгартирдилар. Эндиликда экстремист ташкилотлар аниқ геосиёсий талабларсиз оддий аҳолини ҳам нишонга айлантира бошладилар.

Бунга далил сифатида Ироқ-Шом Ислом давлати номи остида шаклланган, бин Лодин даврида “Ал-Қоида”га алоқаси бўлган, унинг ўлимидан сўнг ажралиб чиққан Бағдодий бошчилигидаги гуруҳ христиан ва шиа эътиқодига мансуб шахсларни нишонга айлантирди. Ваҳоланки, бин Лодин АҚШ ёки Исроил сиёсатига боғлиқ стратегик ҳаракатларни амалга оширарди. Кейинчалик эса юк автомобиллари билан Франция, Швеция ва АҚШда тинч аҳолининг қурбон қилиниши АҚШ томонидан эълон қилинган “терроризмга қарши уруш” ташкилотларнинг маржиналлашиши билан якунланганини кўрсатди.

Яъни бир пайтлар ягона “Ал-Қоида” тизимидаги гуруҳлар энди музокара олиб бориб бўлмайдиган (чунки уларга энди ягона марказ йўқ эди), лекин террорчилик амалиётларини содир этиб келаётган алоҳида ташкилотларга айланганди.

Иккинчидан, АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши билан сиёсий мувозанат ўзгариши фақатгина Афғонистонда содир бўлмаяпти. Бу каби жараён Ироқ бош вазирининг АҚШга ташрифи фонида Ироқда ҳам рўй бермоқда. Ироқ парламентида Эрон тарафдорларининг ошиши билан бир қаторда АҚШ ҳарбийлари сони қисқармоқда.

Бу халқаро тенденция сиёсий ва иқтисодий марказларнинг кўчиши билан ҳам изоҳланади. Янада эътиборлиси, бу ўзгаришлар фақатгина географик нуқтайи назардан эмас, балки технологик жиҳатдан ҳам содир бўлди. Дронларнинг кашф этилиши ва эронлик генерал Қосим Сулаймонийга қарши муваффақиятли операциялар АҚШ учун эндиликда кўплаб ҳудудларда йирик харажатларга сабаб бўлувчи базаларни сақлаб туришдан манфаат йўқлигини кўрсатди. Агар Афғонистон ёки Ироқда ҳарбий амалиёт зарур бўладиган бўлса, Вашингтон бу ишни Қатардан учирилган бошқарувсиз техникалар ёрдамида уддалаши мумкинлигига амин бўлди.

З.Бжезинский  “Буюк шахмат доскаси”да таъкидлаганидек, Москва ёки Пекин билан рақобатлашув учун ҳам замонавий дунёда Афғонистон ёки Ироқда қўшин сақлаб туриш ўз аҳамияти йўқотди. Бунга сабаб сифатида, бу рақобат майдони қуруқлик, денгиз ёки ҳаво бўшлиқларидан кибер бўшлиқ ёки космик кенгликларга кўчгани билан изоҳланади.

Қуруқликда кўп сонли контингентларни ушлаб туриш ўз долзарблигини йўқотиши билан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўшинларининг босқичма-босқич эвакуациясини бошладилар.

Марказий Осиё давлатларига таъсири

1747 йил Аҳмад шоҳ Дурроний томонидан Афғонистонда мустақил давлатчилик ташкил этилгунга қадар, афғон халқлари турли хил империялар таркибида Марказий Осиё давлатлари билан яхлитликда бўлиб келган. Бу Мовароуннаҳр ва Хуросон деб аталган ҳудудларда ўхшаш маданиятлар ва дунёқарашлар шаклланишига хизмат қилган. Мустақил Афғонистон давлатчилиги тузилиши ҳам икки ўртада алоқалар узилишига сабаб бўлмаган, савдо-сотиқ муносабатлари ривожланган.

1920 йилларда Марказий Осиёда коммунистик тузум ўрнатилиши, Афғонистонда миллий қадриятларнинг сақланиб қолиши тарихан бирга бўлиб келаётган халқларни бир-биридан фарқланувчи икки қисмга бўлиб юборди.

Тарихий жараёнлар таҳлили шуни кўрсатадики, қўшни Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятга келишининг Марказий Осиё халқлари учун асосий хавфи унинг “легитимлик тузоғи”дир. Яъни “Толибон” борасидаги турли хил фикр аҳоли орасида қутблашишни вужудга келтиради ва бу ўзаро нифоққа сабаб бўлиши мумкин.

Биринчи гуруҳ кишилари “Толибон”ни умумий тарихий географик ҳудуд, қадимги Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларида, “легитим” статусга эга деб хавфсираш натижасида шаклланиб боради. Аслида қарорлари фақатгина Афғонистон ҳудудига амал қиладиган, ҳалигача келажакда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурига эга бўлмаган, дала қўмондонлари билан муносабатларда якуний келишувга эришилмагани сабабли яхлитлиги кафолатланмаган “Толибон” ҳамда унинг идеологияси Марказий Осиё ҳудудига умумий хавф деб қараш оқибатида исломофобия ўсиши мумкин.

Натижада, бу гуруҳ учун мўътадил ёки консерватив диндор киши (яъни кундалик диний амалларни бажарувчи) ҳам гўёки “Толибон” вакили сифатида кўрилиши ва дин билан боғлиқ ҳолатлардан қочишга (ҳатто масхара қилишга) сабаб бўлади. Ҳолбуки, аҳолисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилувчи давлатларда диндор қатламнинг бўлиши табиий.

Иккинчи гуруҳ “Толибон”нинг ғалабасини минтақадаги маданий қатлам ғалабаси сифати баҳолаши оқибатида уларга тақлид қилишга интилиши оқибатида шаклланиб боради. Бу гуруҳдагилар ўзларига қарама-қарши қўйган биринчи гуруҳдагиларни ҳам “Толибон” услубида мағлуб этмоқчи бўлишлари, мўътадил ёки консерватив қарашлардан радикал қарашларга “кўчиб ўтишлари” мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, “Толибон”нинг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллашининг асосий ижтимоий хавфи – мамлакатлар аҳолиси орасида қутблашишни вужудга келтириши деб баҳолаш мумкин.

Албатта, минтақадаги вазиятнинг инвестициявий иқлимга салбий таъсири, либерал руҳдаги сиёсий-иқтисодий қарорлар қабул қилишдаги янги тўсиқлар ва сўз эркинлиги билан боғлиқ хатарларни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди.

Шу билан бирга, “Толибон”нинг қўшни давлатларга қуролли ҳужум уюштириши эҳтимоли жуда камлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Шаҳбоз Жўраев,

Достон Аҳроров

Мавзуга оид