Жаҳон | 09:38 / 23.08.2021
18455
2 дақиқада ўқилади

Британия толибларга қарши санкциялар киритилишини талаб қилмоқчи

Фото: Reuters

Британия “Катта еттилик”нинг 24 августда Афғонистондаги вазият бўйича ўтадиган саммитида жаҳон етакчиларини “Толибон”га нисбатан янги санкциялар киритиш имкониятини кўриб чиқишга ундамоқчи.

Британиянинг фикрича, толиблар инсон ҳуқуқларини бузса ва Афғонистон ҳудудининг жангариларга бошпана сифатида қўлланишига ижозат берса, “Катта еттилик” давлатлари уларга қарши иқтисодий санкциялар киритиш ва Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқиши лозим.

“Жаҳон ҳамжамияти Афғонистондан хавфсиз эвакуацияни таъминлаш, у ерда гуманитар инқирознинг олдини олиш ва афғон халқини қўллаб-қувватлаш, охирги 20 йил ичида у ерда эришилганларни мустаҳкамлаш учун биргаликда ишлаши муҳимдир”, деб айтган Британия бош вазири Борис Жонсон.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден толиблар берган ваъдаларига амал қилмаса, Британия санкцияларини қўллаб-қувватлашини айтган.

Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишдаги ҳаракатлари учун ҳам АҚШда, ҳам хорижда танқидга учраётган Байден ўтган ҳафта “Катта еттилик” “Толибон”га нисбатан умумий ёндашув ишлаб чиқишини айтган.   

Британия ОАВларининг маълум қилишича, Жонсон Афғонистондан кўпроқ одамларни эвакуация қилиш учун Байденни АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши охирги муддатини кейинроққа суришга кўндирмоқчи.

22 августда Оқ уй раҳбари америкалик ҳарбийлар қўшинлар олиб чиқилиши охирги муддати узайтирилишини муҳокама қилишаётгани, бироқ бунга зарурат бўлмаслигига умид қилаётганини айтган. У “Катта еттилик” бўйича иттифоқдош давлатлар охирги муддат узайтирилишини сўраса, Вашингтон бу масалани кўриб чиқишини айтган.

Мавзуга оид