Ўзбекистон | 18:51 / 24.08.2021
5985
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 1,3 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддалар йўқ қилинди

2020 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032та жиноят аниқланган. Бу – 2019 йилга нисбатан 20 фоизга кўп.

24 август куни ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган 1 тонна 350 кг.га яқин гиёҳванд моддалар йўқ қилинди.

Тошкентдаги тадбирда, ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари махсус машиналарда олиб келиниб, қиздирилган печларда ёқилди.

Жараённи халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ органлари вакиллари, ОАВ ва жамоатчилик кузатди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда гиёҳвандлик билан боғлиқ вазиятга Афғонистонда кўп миқдорда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилаётгани сабаб бўлмоқда.

Расмий релизга кўра, 2020 йил Aфғонистонда кўкнор етиштириладиган майдонлар 224 минг гектарни, ишлаб чиқарилган опий миқдори 6,3 минг тоннани ташкил этган.

2020 йил ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6032та жиноят фош этилган. Бу 2019 йилга нисбатан 20 фоиз кўпроқни ташкил қилади.

6032та ҳолатдан 1814таси наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш, 1521таси тақиқланган ўсимликларни етиштириш, 49таси бангихоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлган бўлса, бошқа турдаги наркожиноятлар 2344тани ташкил қилган.

“2020 йилда ДХХ томонидан 654та наркожиноят ҳолатларига чек қўйилиб, 534 кг.дан ортиқ наркотик воситалар ва 93 мингдан зиёд психофаол моддалар мусодара қилинди.

ДХХнинг чегара қўшинлари томонидан эса 162,5 кг.дан ортиқ наркотик воситаларнинг юртимизга олиб кирилишига чек қўйилди”, – деди ДХХ вакили Маҳлиё Валиқулова.

Қайд этилишича, ноқонуний гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатларда 55 нафар чет эл фуқаролари аниқланган. Улар Aфғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Молдова фуқароларидир.

Давлат божхона қўмитаси вакили Ҳусан Тангриевнинг Kun.uz'гa маълум қилишича, шу кунга қадар божхоначилар томонидан 300дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, салкам 165 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг олиб кирилишига чек қўйилган.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид