Ўзбекистон | 12:09 / 25.08.2021
1646
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда шахмат бўйича «Соҳибқирон Кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтади

Самарқанд шаҳрида шахмат бўйича «Соҳибқирон Кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 25-29 август кунлари Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университетида шахмат бўйича «Соҳибқирон Кубоги» халқаро турнири бўлиб ўтади.

Илк марта ўтказилаётган мазкур турнирда ўнга яқин мамлакатдан (Арманистон, Озарбойжон, Россия, Беларус, Қозоғистон, Украина, Тожикистон, АҚШ ва Ўзбекистон) 18 га яқин халқаро гроссмейстерлар, 10 нафар халқаро спорт усталари ва 10 нафар ФИДЕ спорт усталари иштирок этади. Мусобақа швейцарча тизим бўйича 9 турда ўтказилади.

Мазкур турнирда иштирок этиш учун халқаро ФИДЕ рейтингида энг кам балли 1700 стандартга мувофиқ келадиган (2021 йил 1 август ҳолатига кўра) шахматчиларга рухсат берилади. Рапид турнири 25-27 август кунлари, блиц (тезкор шахмат) турнири эса 28 августда бўлиб ўтади.

Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 50 000 АҚШ долларини ташкил этади: рапид мусобақаси — 40 000 доллар, блиц йўналишда — 10 000 АҚШ доллари.

Қайд этилишича, мазкур турнирнинг асосий вазифаси – шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, уни оммавий спортга айлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал ҳамда маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ёшларни профессионал шахматчилар сифатида тайёрлаш ва халқаро гроссмейстерларни танлаш тизимини йўлга қўйиш ҳисобланади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид