Ўзбекистон | 14:37 / 28.08.2021
6945
3 дақиқада ўқилади

Сардор Умурзаков – тадбиркорлар нега қисқа муддатли режалар тузиши ҳақида

“Ўзбекистонда нима сабабдан тадбиркорлар жуда қисқа муддатли режа қилади. Нима сабаб бунга? Чунки 25–26 йил улар шунга мажбур бўлиб қолди. Бир ишни бошласа, бир йилдан кейин нима бўлади, билмаган; шу иш меники бўладими ёки биров тортиб оладими, деган хаёл билан яшаган”, – деди бош вазир ўринбосари.

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ОAВга берган интервьюсида Ўзбекистонда нима сабабдан тадбиркорлар қисқа муддатли режа қилиши ҳақида гапирди. У давлат институтлари ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларга тўхталди.

“Ўзбекистонда нима сабабдан тадбиркорлар жуда қисқа муддатли режа қилади. Нима сабаб бунга? Чунки 25–26 йил улар шунга мажбур бўлиб қолди. Бир ишни бошласа, бир йилдан кейин нима бўлади, билмаган; шу иш меники бўладими ёки биров тортиб оладими, деган хаёл билан яшаган.

25–26 йил давомида ишонч бузилиб келган бўлса, энди буни тиклашга ҳам вақт керак. Иккала тараф ҳам бир-бирига томон тўғри қадамларни босиб, ишончни янада кучайтирадиган чораларни кўриши керак.

Албатта, охирги 4,5–5 йил давомида давлат ва ҳукумат томонидан қўйилган ҳар бир қадам шунга йўналтирилган эдими, деган савол берсангиз, балки “йўқ, ҳаммаси ҳам эмас” дейишга мажбур бўламиз. Чунки ислоҳотлар шундай нарса эканки, унинг ёзилган рецепти йўқ экан. Айрим ҳолатларда қандайдир қарорлар қабул қилинган, уларнинг натижаси ўрганилгандан кейин ё тўғриланган, ё бекор қилинган; бундай ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, қандайдир имтиёзлар берилган ва маълум сабабларга кўра, қисман ёки тўлиқлигича бекор қилинган.

Aйтмоқчи бўлганим, қўпол бўлса ҳам, ўйин қоидалари барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қилишимиз керак. Пировард мақсад – тадбиркорларнинг давлат тузилмаларига, ҳукуматга, яратилган қоидаларнинг давомийлигига ишончи пайдо бўлиши керак. Худди шундай, давлат институтлари ҳам тадбиркорларга ёлғончи, солиқдан қочувчи деб қарамасдан, иқтисодиётнинг асосий драйвери сифатида номига эмас, ич-ичидан тан олиб, уларни тўлақонли қўллаб-қувватлашга куч сарфлаши керак”, – деди бош вазир ўринбосари.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид