Жамият | 16:27 / 06.09.2021
9585
5 дақиқада ўқилади

Касбидаги газдан узилган маҳалла: мутасаддилар муаммо ечимини ваъда қилишмоқда

Касби тумани маркази Муғлон шаҳарчаси Дўстлик маҳалласида яшовчилар табиий газ йўқлигидан қишда қийналишаётгани ҳақида репортаж Kun.uz сайтида аввал ҳам эълон қилинган эди.

Ўшанда Қашқадарёдаги икки йирик газ конининг қоқ ўртасида яшаётган маҳаллий аҳоли иложсизликдан ёзда таппи ясаб, қиш учун ғамлашаётганини гапириб беришган эди.

Касбилик отахонлар таҳририятга яна такроран мурожаат қилишди. Орадан бир йил ўтса-да, маҳаллада вазият ўзгармагани, онахонлар ҳамон таппи ясашда давом этишаётгани маълум бўлди...

Газ таъминоти бўйича мурожаатлар ўта чигал масала. Кўпинча газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллаларни табиий газ билан зудтар таъминлашнинг иложи йўқлигини ўзимиз ҳам тушунамиз ва мутасаддиларни безовта қилмасдан, мурожаатчиларга ўзимиз вазиятни тўғри тушунтирамиз.

Лекин ушбу ҳолатда газ етиб бориши қийин бўлган олис ҳудуд эмас, туман марказида жойлашган, газ қувурлари ўтказилган, қолаверса, маҳалланинг ярмида газ бўлиб турган ҳолат вазиятни яна бир бор чуқурроқ ўрганишга, ечим излашга ундади.

Бизнинг аниқлашимизча, айрим аҳоли хонадонлари билан бир қаторда Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги иккита мактабгача таълим муассасаси ҳам табиий газ тармоғига уланмаган. Боғчаларга овқат пишириш учун суюлтирилган газ баллони келтирилади (ўз вақтида), қишда хоналарни иситиш кўмир ва ўтин билан амалга оширилар экан.

Маҳалла аҳлининг кўплаб мурожаатларига жавобан «Ҳудудгаз» ташкилотининг маҳаллий бўлимлари қайта-қайта туман ҳокимининг 2014 йил 25 августдаги 109-Ф сонли фармойишига кўра газдан узилгани ҳақида айтилади.

KGsi3VfqfJckpqH3XnXr4NlA_8gnNOn_.jpg (800×1127)

Аммо бу жавоблар маҳалла аҳлини асло қониқтирмай келмоқда, шу сабаб улар мурожаат қилишда бардавом. Чунки маҳалла газдан 2012 йил охирида узилган. Қолаверса, ҳокимнинг 2014 йилги фармойишида Дўстлик маҳалласининг Хитой ва Хўжа-Хитой қисмидаги 246та хонадон газдан узилиб, баллонли газга ўтказиш мўлжалланган. Алишер Навоий кўчасида истиқомат қилаётган қариялар ўз хонадонлари газ тармоғидан узилиши ноқонуний ва адолатсиз тарзда амалга оширилган деб ҳисоблашади.

Биз яна маҳалла аҳлига микрофон тутганимизда қариялар маҳалланинг ёшлар яшовчи янги уйлар қурилган қисмида эмас, айнан шу ерга биринчи кўчиб келиб истиқомат қилаётган, қариялари кўпроқ қисми газдан узилганини куйиниб гапиришди. Бу эса айниқса қиш фаслида қарияларга катта қийинчилик келтириб чиқармоқда. Улар ҳечқурса қишда исинишлари учун газ берилишини исташади.

Маҳаллага кираверишдаги газ тақсимлаш пунктидан 15 метр наридан ўтган магистрал қувурдан айни кунларда газ оқиб ўтмоқда. Бир қараганда, маҳаллага газни қайта улаш қийин эмасдек. Чунки аҳолининг катта қисмида ҳамон қувурлар сақланиб турибди. Бироқ вазият кексалар истаётганидек шундоқ қувурни улаб қўйиш билан битмас экан.

«Ҳудудгаз Қашқадарё» Касби филиали директори Абдулла Жўраев вазият бўйича изоҳ берди.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот Қашқадарё» МЧЖ раҳбари Комилжон Муродов жойига бориб муаммони ўрганган, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов ҳам мурожаатчи отахон ва онахонларни шахсан тинглаган экан.

Абдулла Жўраевнинг айтишича, ушбу муаммони ҳал қилишнинг ягона ечими бор.

Маълум қилинишича, айни пайтда тумандаги 3700дан зиёд табиий газ таъминотчиси ва бошқа ташкилотлар учун белгиланган лимит бор. Ўша лимитдан ортиқча газ беришнинг мутлақо имкони йўқ. Бироқ ҳозир туманда табиий газ истеъмолчиларининг хонадонлари ва ташкилотларига АСКУГ ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатилиши тугалланиш арафасида.

Ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилгач, табиий газ истеъмоли тизимдаги қинғирликлар бартараф бўлиши эвазига камая бошлайди, иқтисод қилинган газнинг орттирилган қисмидан маҳаллани газ тармоғига қайта улаш имконияти вужудга келар экан.

Биз муаммони ўтган йили ёритганимизда, унга ҳеч қандай ечим топилмаган эди. Туман газ идорасининг янги раҳбари вазиятдан хабардор экани, ўзи бориб муаммони жойида синчиклаб ўрганганини маҳалла аҳли ҳам тасдиқлади. Демак, қишгача сарфланган газлар ҳисоб-китоб қилиниб, иқтисод қилинган газ ҳисобидан нафақат Дўстлик маҳалласи, инфраструктура мавжуд бўлган бошқа маҳаллаларни ҳам газга улаш имконияти пайдо бўлмоқда.

Дўстлик маҳалласидаги қарияларни қийнаётган муаммо тезроқ чиройли ечим топишини истаймиз. Мутасаддилар ваъда қилишмоқда ва бироз сабр қилишни сўрашмоқда. Биз уларга ишонамиз ва вазият нима билан якунланишини кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид