Ўзбекистон | 12:33 / 09.09.2021
12990
2 дақиқада ўқилади

Президент давлат хизматчиларини қандай ўзгаришлар кутаётганини маълум қилди

Ўзбекистонда келгуси беш йилда давлат идораларининг штатларини оширишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Барча бўғиндаги ижро идоралари раҳбарлари – хоҳ у вазир бўлсин, хоҳ қўмита раиси, бир йиллик иш дастури ва амалга оширадиган лойиҳаларини жамоатчиликка очиқ эълон қилиб боради.

Келгуси беш йилда давлат идораларининг штатларини оширишга йўл қўйилмайди. Аксинча, рақамлаштириш ва қатор функцияларни хусусий секторга бериш ҳисобига штатлар қисқартириб борилади.

Қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти ислоҳотларимиз талабларидан келиб чиқиб, танқидий қайта кўриб чиқилади.

Замонавий давлат хизматини жорий қилишга устувор аҳамият берилади. Хусусан, электрон давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилади. Жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларининг 100 таси хусусий секторга ўтказилади.  

Бундан буён, давлат хизматига кадрлар қоида тариқасида танлов асосида қабул қилинади. Давлат хизматчилари учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади. Иш вақти, меҳнат меъёрлари бўйича талаблар ҳам қайта кўриб чиқилади”, деди президент.

Мавзуга оид