Ўзбекистон | 19:51 / 15.09.2021
11277
3 дақиқада ўқилади

Америка элчиси Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳақида гапирди

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблум мамлакатдаги сўз ва ОАВ эркинлиги бўйича ўз фикрларини билдирди. Унинг айтишича, айрим ҳолларда журналистларга таҳдид бўлгани ҳақиқат, бироқ умумий ҳолатда журналистикада эволюцион ўсиш кузатилмоқда.

Тошкентда АҚШнинг Глобал Медиа агентлиги томонидан журналистлар учун 4 кунлик тренинг ўтказилди. Коррупцияни ёритиш, журналистик суриштирув олиб бориш ва фактчекинг мавзусида ташкил этилган семинар-тренинг якунида журналистлар АҚШ элчиси билан учрашди. Учрашув чоғида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан элчига мурожаат қилди. Хусусан, Даниэл Розенблум Ўзбекистондаги сўз эркинлигини қандай баҳолаши, журналистлардан босимлар, таҳдидлар ҳақида мурожаатлар келиб турадими, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

“Мен Ўзбекистонга икки йил олдин, 2019 йил май ойида келдим. Лекин Ўзбекистондаги воқеалар, сиёсат ва иқтисодий тараққиётни анча олдинроқ кузатишни бошлаганман, 25 йилдан кўпроқ вақт давомида минтақага эътибор қаратганман.

Шу боис чекловлар ҳақида билганларимни солиштириш қобилиятига эгаман, деб ўйлайман. Чунки бугунги кундаги сўз эркинлиги даражаси, одамларнинг ўз фикрини эркин билдира олиши, бу ҳақда ёза олиши 5-6 йил олдингисига қараганда анча яхши, дея оламан.

Аммо ҳали ҳам журналистларга босим ўтказилаётгани, айрим мавзуларга ҳали ҳам баъзи чекловлар борлиги, шунингдек баъзи мавзуларга расмийлар салбий реакция билдиришидан хабарим бор. Охирги 2,5 йил ичида ҳибсга олинган, таъқиб қилинган, баъзида айбланган, уларга қарши жиноий айбловлар қўйилган журналистлар билан содир бўлган айрим ишлар билан танишман. Чунки уларнинг ёзганлари расмийлар учун ноқулай ёки жуда зиддиятли мавзулар эди.

Биламизки, бу ҳолатлар рўй берди ва улар ҳануз ОАВ эркинлигини, сўз эркинлигини чеклайди.

Биз бу борада ўз хавотирларимизни баъзида юмшоқроқ тарзда баён қилдик, айрим ҳолларда, алоҳида учрашувларда ўз қарашимизни расмийларга етказдик.

Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, эволюция ҳар доим ҳам тўғри йўналишда давом этмаслиги, ҳар доим юқорига ҳаракатланмаслиги, баъзида қисман чекиниши, ўнгга-сўлга бурилиши ҳам мумкин, лекин ўсиш кузатилаётганининг ўзи муҳим жиҳат.

Умид қиламанки, бу тўғри ва менимча, шундай бўлиши керак. Ва сиз, журналистлар жамоаси ўз ишингизни профессионал тарзда бажармоқдасиз. Журналистика ҳақиқатан ҳам ижобий томонга ўзгараётганига ишонч ҳосил қилинг”, - деди АҚШ элчиси.

Мавзуга оид