Жаҳон | 15:49 / 21.09.2021
13459
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистон ҳукуматида янги тайинловларни амалга оширди

Савдо, соғлиқни сақлаш вазирлари ҳамда ички ишлар, мудофаа, энергетика, табиий офатларга қарши курашиш, чегара, қочқинлар ишлари, олий таълим вазирларига ўринбосарлар тайинланган.

"Толибон" ҳаракати вақтинчалик ҳукумат таркибида янги тайинловлар амалга оширилганини эълон қилди

Ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг маълум қилишича, толиблар етакчиси Ҳайбатулла Охундзода Панжшер вилоятилик тадбиркор Ҳожи Нуриддин Азизийни савдо вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган.

Боғлон вилоятилик тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Башир унинг ўринбосари, Сарипул вилоятилик яна бир тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Азим Султонзода савдо вазирининг иккинчи ўринбосари этиб тайинланган. 

Шу тарзда толиблар ҳукумат таркибига нафақат пуштунлар, балки бошқа миллий озчилик вакилларини ҳам киритишга тайёрлигини кўрсатган.

Толиблар етакчисининг фармони билан Қаландар Ибод соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Шунингдек, унинг ўринбосарлари ҳам тайинланган.

Бундан ташқари, ички ишлар, мудофаа, энергетика, табиий офатларга қарши курашиш, чегара, қочқинлар ишлари, олий таълим вазирларига ҳам ўринбосарлар тайинлангани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, миллий олимпия қўмитаси ва марказий статистика бошқармасига раҳбарлар тайинланган.

Мавзуга оид