Жаҳон | 23:57 / 22.09.2021
20179
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: ламалар Covid-19га қарши ва Уҳан бўйича янги гумонлар

Британиялик олимлар коронавирусни ламада аниқланган нанотана билан даволаш мумкин деб ҳисоблашмоқда, Хитойда кўршапалаклар 2018 йилдаёқ вирусдан зарарланган бўлиши мумкин, Valentino дизайнерлик уйи "эмланганлар" учун 700 долларлик ҳуди таклиф этмоқда. BBC коронавирус пандемиясига оид сўнгги маълумотларни келтиради.

19 сентябргача бир ҳафта муддатда дунёда Covid-19га чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар сони 3,8 миллионтани ташкил этди. Бу нисбатан паст кўрсаткич: инфекция тарқалишининг сўнгги пик даврида, май ойининг иккинчи ҳафтасида бутун дунё бўйлаб 5,7 млн нафарга яқин кишида вирус аниқланганди. Сўнгги ойларда ҳафталик кўрсаткичлар гоҳ юқориламоқда, гоҳ пасаймоқда, ҳозир эса дунёда пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Ўтган ҳафта ичида ушбу касалликдан яна 62 минг киши вафот этди. Айни вақтга келиб дунё бўйича вакцинанинг камида бир дозасини қабул қилганлар сони қарийб олти миллиард кишига етган.

АҚШ ҳозир ҳам коронавирус қурбонлари сони бўйича биринчи (676 минг), ундан кейин Бразилия (590 минг), Ҳиндистон (445 минг), Мексика (271 минг) ва Россия (199 минг) бормоқда.

АҚШ яна 500 млн доза вакцина хайрия қилади

АҚШ ривожланаётган давлатлар учун Pfizer вакцинасидан яна ярим миллиард доза юборишни ваъда қилмоқда. Президент Жо Байден бу ҳақда чоршанба куни коронавирус пандемиясига қарши курашга бағишланган виртуал саммит вақтида расман эълон қилиши кутилмоқда.

Бу катта миқдор, аммо BBC корреспенденти Стефани Ҳегартининг қайд этишича, аҳолисининг 2 фоизи ҳам эмланмаган давлатлар бунга ишонқирамай қарашмоқда. 

АҚШ аввалроқ муҳтож давлатларга 580 млн доза вакцина ажратган, аммо шундан фақат 140 млн доза етказиб берилганди.

Бутун дунё бўйлаб вакциналарни тақсимлаш билан шуғулланувчи Covax дастури маълумотларига кўра, препаратларнинг кўплаб партиялари кам миқдорларда ва сўнгги дақиқаларда келган: яроқлилик муддати тугашига кам вақт қолган ва уларни қўллашга ҳамма ҳам улгурмасди.

Ўшандан кейин нима ўзгарди? Экспертларнинг баҳоларига кўра, сўнгги ойларда вакцин ишлаб чиқариш ҳажми ўсган ва йил охирига қадар ривожланган давлатларда 1,2 млрд дозалик захира жамғарилади. Лекин ўз вақтида қўлланмаса, шунинг 241 млн дозасини шунчаки ташлаб юборишга тўғри келади. Мутахассислар яроқлилик муддати тезроқ тугайдиган вакциналарни имкон қадар эртароқ қашшоқ мамлакатларга юбориш кераклигини айтишмоқда.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, сайёра аҳолисининг 70 фоизини эмлаш учун 11 млрд доза вакцина зарур бўлади. ЖССТ 2021 йил охирига қадар ҳар бир мамлакатда аҳолининг камида 40 фоизи эмланишини мақсад қилган.

Лама Фифи коронавирусга қарши

Британиялик олимларнинг навбатдаги тадқиқотлари шуни кўрсатмоқдаки, лама организмида аниқланган кичик антитаначалар (нанотаналар) коронавирусга қарши даволашда самарали бўлиши мумкин.

Бу нанотаналарни лаборатория шароитларида кўпайтириш мумкин. Улар ҳам худди инсон организмидаги антитаналар каби ишлайди: вирус ва бактерияларга бириккан ҳолда, организмнинг иммун жавоби учун маркер вазифасини ўтайди. Олимларнинг сўзларига кўра, нанотаналар айниқса патогенларга (касаллик қўзғатувчилар) маҳкам бирикади.

Розалинд Франклин университети (Иллинойс штати)дан бўлган профессор Жеймс Нэйсмит янги тадқиқот натижаларини жуда умидбахш ва истиқболли деб ҳисоблайди, унинг маълум қилишича, лабораторияда вирус юқтирилган каламуш янги препарат орқали олти кун ичида тўлиқ тузалган. Аммо у ҳозирча одамларда синаб кўрилмади.

Нанотананинг илк намунаси университетдаги Фифи лақабли ламадан олинган. Тадқиқотчилар лама танасига унда иммун реакция қўзғатиш учун коронавирус оқсилига ўхшаш оқсил намунасини киритишган.

Уҳан олимларида кўршапалакларни коронавирус билан зарарлаш режаси бўлганми?

Drastic Research тадқиқотчилари гуруҳи 2018 йилги ҳужжатларни топишгани, унга кўра Уҳандан бўлган олимлар кўршапалакларга коронавирус юқтириш тажрибаси билан давлат гранти олиш бўйича мурожаат қилишгани маълум бўлганини айтишмоқда.

Ташкилот сайтида келтирилишича, Drastic - олим-экспертларнинг мустақил жамоаси бўлиб, унинг таркибидагиларнинг аксар қисми аноним ишлайди.

Уларнинг қўлига келиб тушган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, расман пандемия бошланишидан 18 ой олдин олимлар Юннань провинциясидаги кўршапалаклар яшовчи ғорларга коронавирус туркумидаги «янги гибрид вирус оқсиллари»ни ўз ичига олган нанопарчалар билан ишлов беришни таклиф этишган.

Бу тажрибадан мақсад кўршапалакларда янги коронавирусларга қарши иммунитет ҳосил қилиш ва бу орқали кейинроқ бундай вируслар одамлар орасида тарқалишининг олдини олишга қаратилганди.

Нашрнинг ёзишича, мутахассислар коронавирусни шундай ўзгартирмоқчи бўлганки, натижада у назарий жиҳатдан олиб қараганда, инсон организмига осонроқ мослашган бўларди. Тадқиқотда коронавируснинг хавфлилик даражаси юқори бўлган табиий штаммларини янада юқумлироқ, аммо хавфлилик даражаси камроқ навлар билан аралаштириш режалари бўлган.

Қизиғи шундаки, тендер учун мурожаат муаллифлари хитойлик олимлар эмас, балки Американинг Уҳан институти билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи EcoHealth Alliance компанияси ходими бўлган британиялик зоолог Питер Дацак эди. Бу тажрибани амалга ошириш учун йиғилган олимлар жамоаси таркибида институтнинг кўршапалаклар бўйича мутахассис бўлган ходими, шунингдек, бир қанча америкалик олимлар бўлишган.

Бу ҳужжатлар ҳақиқийлигини коронавирус инсон қўли билан яратилгани ҳақидаги назариянинг ашаддий тарафдори бўлган Дональд Трамп администрациясининг собиқ ходими тасдиқлаган. Drastic жамоаси аввал ҳам бу назария фойдасига талқин қилиниши мумкин бўлган далилларни топишга уринган.

Масалан, ўтган йили экспертлар 2013 йилда ғорда ишлаган бир одамда SARS вируси (Covid-19 ҳам шу тоифага мансуб) аниқлангани ҳақидаги очиқ манбалардаги маълумотни ёдга олишганди. 

Drastic илмий ҳамжамиятни вирус одамларга атайлаб юқтирилгани эҳтимолини синчиклаб ўрганишга ундамоқда, чунки улардаги ҳужжатларга кўра, одамлар назорат остида бўлган шароитда вирус билан зарарланган.

ЖССТдагилар эса ҳозирча вирус инсон қўли билан яратилгани ҳақидаги назарияни ишончсиз деб ҳисоблашади.

Valentino’дан ҳуди: қиммат ва фақат эмланганлар учун

Valentino модалар уйи вакцина қабул қилганлар учун толстовка (белбоғли, узун ва кенг эркакча кўйлак) моделини тақдим этди. Бу либослар сотувидан тушган маблағлар Covax дастури орқали қашшоқ мамлакатларга вакцина етказиб бериши учун UNICEF’га ажратилади.

Қизил рангда "(V) Vaccinated" ёзуви туширилган қора худи дастлаб Лос-Анжелесдаги Cloney компанияси томонидан ўйлаб топилган.

Valentino уйи модельери Пьерпаоло Пиччоли худини кўриб қолган ва беш дона кийимдан иборат биринчи партияни тўлиқ сотиб олиб, дўстларига тарқатган.

Энди толстовка Valentino сайтида ҳам сотилмоқда.

"Эмланиш пандемияга қарши курашнинг ва ижтимоий масъулиятни ифодалашнинг энг яхши воситасидир", дейди Пиччоли.

Жаҳонда яна нима гаплар:

Россия Роспотребнадзори раҳбари Анна Попова мамлакатда 40 миллион киши COVID-19га қарши тўла эмланганини маълум қилди, шунингдек, Россиянинг "Спутник" вакциналари самарадорлиги тасдиқланаётгани билдирилди. Мамлакатда касалланиш ҳолатлари яна ўса бошлаган, сўнгги икки ойдаги энг юқори кўрсаткич шу ҳафтада қайд этилди. Кунлик ҳолатлар сони 20 минг атрофида.
Германия ниқоб туфайли рўй берган қотилликдан ларзага тушди. Дам олиш кунларида ёнилғи қуйиш шохобчасида пиво сотиб олмоқчи бўлган харидор 20 ёшли сотувчини ниқоб тақишдан бош тортгани учун отиб ташлади.
Johnson & Johnson вакцинасини икки дозада қўллаган маъқул экани айтилди. Шу вақтгача бу вакцина бир доза қўлланаётганди, аммо бугунги кунга келиб компаниядагилар икки марта эмлаш натижаси яхшироқ бўлишини тан олишди.

Мавзуга оид