Жамият | 16:26 / 23.09.2021
79801
2 дақиқада ўқилади

Метрода вояга етмаган қизга беҳаё ҳаракатлар қилган шахс қўлга олинди

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Тошкент метрополитенининг «Олмазор» бекатида вояга етмаган шахсга нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этиб, қидирилаётган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар берди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, у илгари Жиноят кодексининг 166- (талончилик), 169- (ўғрилик) ҳамда 127-моддаларида (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро К.Ш. эканлиги аниқланди. 

Маълум қилинишича, ҳозирда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан мазкур шахснинг ҳаракатларида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятининг аломатлари мавжудлиги текширилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ёки яқинларингиз ушбу фотосуратда кўрсатилган шахснинг ҳаракатларидан жабрланган бўлсангиз, дарҳол 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига хабар беришингиз сўралади”, дейилади маълумотда. 

Бош прокуратура матбуот хизмати қўшимча қилишича, ИИВ Транспортда ХТББ Тергов бошқармаси томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 129-модда билан айбдор деб топилган шахс уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш, ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид