Ўзбекистон | 12:59 / 23.09.2021
13577
7 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти Франция компаниясига 30 йилга берилмоқда

Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш” лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича битим тузилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича берилган эълон натижасига кўра қизиқиш билдирган 3 та хорижий компаниядан “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компаниясининг таклифи Осиё тараққиёт банки тавсиясига кўра Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан маъқул деб топилган.

Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ва унга кўра ушбу лойиҳа эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш шартлари асосида амалга оширилиши назарда тутилган. “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси томонидан фақат лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ “Veolia Energy Tashkent” мaxcyc лойиҳа компанияси юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган. Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йил давомида лойиҳани амалга ошириш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича маслаҳатчи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўмаклашади.

“Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси лойиҳа бўйича хусусий шерик этиб белгиланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги давлат шериги сифатида махсус лойиҳа компанияси билан лойиҳа бўйича амал қилиш муддати 30 йил бўлган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни расмийлаштиради:

  • самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) сифатида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик подстанциялари, иссиқлик ва иссиқ сув ҳисоблагичлари ўрнатиш, шунингдек, авария ҳолатлари, иссиқлик йўқотишлари, энергия ва сув истеъмолини кескин камайтириш ҳамда замонавий автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш;
  • махсус лойиҳа компанияси томонидан тажриба лойиҳалари сифатида дастлабки икки йилда Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларидаги “Водник” ва “Саноат энерго” марказлашган қозонхоналари орқали 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ёпиқ тизимга ўтказиш;
  • тажриба лойиҳалари бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) ижроси юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботи асосида битим кучга кирган кундан бошлаб 2 йилдан кейин уни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, давлат шеригига 18 йилдан кейин битимни ихтиёрий равишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқини бериш;
  • “Тошиссиққуввати” ДУКнинг иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан, иссиқлик тизимини эксплуатация қилиш, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўловларни ундириш бўйича вазифа ва функцияларини махсус лойиҳа компаниясига ўтказиш, шунингдек, битим амал қилиши даврида махсус лойиҳа компаниясининг мустақил равишда фаолият юритилишини таъминлаш;
  • лойиҳани амалга оширишда махсус лойиҳа компаниясининг юзага келадиган барча молиявий мажбуриятларини “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси томонидан кафолатлаш;
  • “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси томонидан лойиҳа доирасида 20 миллион евро миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
  • лойиҳа доирасида 181 та марказлаштирилган ва локал иссиқлик тизими иншооти ва қозонхонани модернизация қилиш, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган қувурлар асосида 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш ва 841,1 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик энергияси ўлчов ускунасини ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ҳисоблагични ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника ва автомашиналар харид қилиш;
  • Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси ўртасида 2018 йил 17 майда имзоланган “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш тўғрисидаги келишувга мувофиқ жалб қилинган кредитларни, шунингдек, кредит воситачилик ҳақи ва бошқа харажатларни қоплаш бўйича “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан тўланадиган тўловлар махсус лойиҳа компанияси томонидан амалга ошириш.

Битим имзоланганидан сўнг бир ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида тузилган маслаҳат хизматларини кўрсатиш битимига мувофиқ Осиё тараққиёт банкига 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча манбалари ҳисобидан тўланади ва ушбу маблағлар 2021 йил 31 декабрга қадар “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компаниясидан ундириб олинади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Тошиссиққуввати” ДУКга тегишли бўлган барча мол-мулк, шу жумладан, бино-иншоот ва бошқа моддий бойликларни хатловдан ўтказиш, уларни сотиш ва бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқисиз Махсус лойиҳа компаниясига эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул топшириш чораларини кўрсин.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • Тошкент шаҳрида истеъмолчиларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган тарифлар махсус лойиҳа компанияси томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ҳар йили 1 майга қадар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорлари билан тасдиқланади;
  • иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича тарифлар ҳақиқий харажатлар таннархи билан бирга иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш харажатлари инобатга олинган ҳолда шакллантирилади;
  • халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорларига асосан аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади;
  • аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарларни махсус лойиҳа компаниясига қоплаб бериш юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар 2022 йил учун - 2021 йил 1 декабрга қадар ва келгуси йиллар учун - ҳар йили 1 июнга қадар Молия вазирлигига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилади.

Мавзуга оид