Жаҳон | 20:29 / 24.09.2021
8361
2 дақиқада ўқилади

Сурияда ўн йил ичида 350 мингдан ортиқ киши ўлдирилгани маълум қилинди

Мишел Бачелетнинг сўзларига кўра, уларнинг 26 минг 727 нафарини аёллар ва 27 минг 126 нафарини болалар ташкил этади.

Фото: AP Photo/Ariel Schalit

Сурияда 2011 йил мартдан 2021 йил мартгача бўлган давр мобайнида 350 мингдан ортиқ киши ўлдирилган. Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет маълум қилди.

“Биз Суриядаги низо давомида 2011 йил мартдан 2021 йил мартгача 350 минг 209 нафар шахс ўлдирилганини аниқладик”, – деди олий комиссар.

Бачелетнинг сўзларига кўра, уларнинг 26 минг 727 нафарини аёллар ва 27 минг 126 нафарини болалар ташкил этади.

Энг кўп ҳалок бўлганлар Ҳалаб вилоятига тўғри келади: 51 минг 731 киши. Кейинги ўринларда Дамашқ атрофидаги қишлоқлар (47 минг 483 киши), Хомс (40 минг 986 киши), Идлиб (33 минг 271 киши), Ҳома (31 минг 993 киши) ва Тартус (31 минг 369 киши) жойлашган.

Бачелетнинг изоҳ беришича, ушбу статистика пухта текширувларга асосланган, аммо бу маълумотларни низо қурбонларининг тўлиқ рўйхати деб қабул қилмаслик лозим.

Унинг сўзларига кўра, гап фақат текширувларда аниқланган миқдор ҳақида бўлиб, қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан кўп.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид