Жаҳон | 13:57 / 26.09.2021
18594
8 дақиқада ўқилади

Германияда сайлов - аср бошидан буён илк бор Меркелсиз

Германияда бугун Бундестагга сайловлар бўлиб ўтади, унда 19 йил ичида илк марта ҳукмрон Христиан-демократлар иттифоқидан Ангела Меркель номзод сифатида кўрсатилмайди.

Яшиллар етакчиси Анналена Бербок, социалистлар етакчиси, Меркель давридаги вице-канцлер Олаф Шолтз, Меркель партиясининг янги етакчиси Армин Лашет - улар Германиянинг навбатдаги канцлери бўлиш учун асосий номзодлар.

Германия канцлери Ангела Меркель уч йил олдин навбатдаги сайловларда иштирок этмаслигини маълум қилганди. Шу туфайли ХДИ ҳокимиятни бой бериши ҳам мумкин.

Сайловолди сўровлари Германияда Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социалистлар иттифоқи блоки ўнг-марказчилари ва Социал-демократик партия сўл-марказчилари коалицияси ҳукмронлиги даври ниҳоят якунланишини кўрсатган.

Бу «оғир вазнли» партиялар учун бериб келинган овозларнинг  бир қисмини 2015-2016 йиллардаги миграция инқирози даврида майдонга чиққан ва аксилиммиграция йўналишидаги ўнг популистларнинг «Германия учун муқобил» партияси олиши кутилмоқда, сўнгги вақтларда «яшиллар» партияси ҳам сезиларли кўтарилишга эришган.

Бундан ташқари, шу вақтгача партия учун эмас, Меркель хоним учун овоз бериб келган сайловчилар энди ХДИдан юз ўгириши тайин.

Натижада рейтинги бир-бирига яқин уч етакчи партия - социал-демократлар, ХДИ ва яшиллар коалицияси юзага келиши мумкин: Меркель давридаги барча тўрт сайлов циклида икки партия (ХДИ ва СДП) коалицияси тузилганди.

  • Сўнгги сўровномаларга кўра, Германия социал-демократик партиясини 25 фоиз сайловчилар, ХДИ/ХСИни 23 фоиз, «Яшиллар»ни 16,5 фоиз, Германия озод демократик партиясини 11 фоиз, «Германия учун муқобил» партиясини 10 фоиз ва «Сўллар»ни 6 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлашга тайёр.

Бу коалиция таркиби бўйича бир неча вариантлар бор. Социалистлар ва яшиллар етакчилари сайловолди кампанияси якунида ўз қарашлари яқинлигини намойиш этишди. Бундан ташқари, барча етакчи сиёсатчилар бўлажак ҳукуматга «Германия учун муқобил»ни қабул қилишдан бош тортган.

Янги ҳукмрон коалиция қандай кўринишда бўлмасин, немис шарҳловчилари ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришлар бўлишини кутишмаяпти.

Олаф Шолтз ва Анналена Бербок сўнгги сайловолди дебатлари вақтида бир-бирини танқид қилишга уринмади - германиялик шарҳловчилар буни уларнинг ҳукмрон коалицияда биргаликда ишлашга тайёрлиги сифатида талқин қилишди.

Социал-демократлар кўп йиллар давомида Москва билан ХДИдан кўра дўстона муносабатда бўлиб келган, аммо партия етакчиси Олаф Шолтз собиқ канцлер Герхард Шрёдер каби «Путиннинг дўсти» эмас (гарчи Шрёдер ҳукумати даврида партия бош котиби бўлган эса-да). Умуман олганда, бу кампания давомида Шолтз ҳам бошқа партиялар етакчилари каби ташқи сиёсат ҳақида кўп гапирмади, гапирса ҳам шу вақтгача Меркель олиб борган сиёсат йўналишидан чиқмади. Унинг асосий тезиси: Германия ташқи сиёсатни Европа Иттифоқи билан келишган ҳолда юритиши керак.

Яшиллар эса россияликларнинг «Шимолий оқим» газ қувури лойиҳасининг иккинчи босқичига қатъий қарши кайфиятда, бундан ташқари, улар Ғарб қадриятларига асосланган ва инсон ҳуқуқлари ҳамда фуқаролар эркинлигини ҳимоя қиладиган ташқи сиёсат юритиш ниятларини билдиришган.

Россия йўналишида ўзгаришлар фақатгина жаҳон капитализмга қарши курашувчи Сўллар партияси (Die Linke) Федерал ҳукуматдан ўрин олган тақдирда кузатилиши мумкин. Бу ҳолатда москвапараст риторика расмий даражада янграб, Россиядаги ахборот агентликларида «Бундестагдагилар Россияни қўллашмоқда» сарлавҳали кам сонли хабарлар ўрнида «Немис вазири Россияни қўллаб-қувватламоқда» сарлавҳали хабарлар пайдо бўлиши мумкин.

Бу сайловолди кампаниясида асосий мавзулар ташқи сиёсат, айниқса Россия мавзуси бўлмади, балки «яшил» иқтисодиёт, умуман энергетика, шунингдек, бойларга солиқларни ошириш орқали солиқ юкини қайта тақсимлаш, минимал иш ҳақини ошириш ва албатта пандемиядан чиқиш, коронавирус туфайли қўлланган фавқулодда иқтисодий чораларни сақлаб қолиш ёки бекор қилиш масалалари бўлди.

Муваффақиятли ва муваффақиятсиз танловлар

Канцлер лавозимга Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социалистлар иттифоқи сиёсий кучидан Армин Лашет, Германия социал-демократик партиясидан Олаф Шолтз ва «Яшиллар» партиясидан Анналена Бербок асосий даъвогарлар ҳисобланмоқда.

Ангела Меркель Христиан-демократлар иттифоқи партияси раҳбарлигидан кетишини эълон қилгач, эҳтиёткорлик билан унинг ворисини аниқлаш учун ҳаракат бошланди ва бу узоқ давом этди, лекин сайловолди сўровларига кўра танлов тўғри бўлиб чиқмаган. Шимолий Рейн-Вестфалия ери бош вазири ва канцлерликка ХДИ/ХСИ блокидан номзод бўлган Армин Лашет рейтингларда Олаф Шолтздан катта фарқ билан ортда қолмоқда ва фақат аутсайдерлардан, масалан, «Германия учун муқобил» етакчилари Алиса Вайдель ва Тино Крупаллудан бироз олдинроқда.

ХДИнинг янги раҳбари Армин Лашет Ангела Меркель ва Олаф Шолтз каби босиқ сиёсатчи кўринади, аммо унинг рейтинги ҳам жуда ёмон.

Яшиллар ҳам, сўровлар натижаларига кўра, партия ҳамраиси Анналену Бербокни «шпитценкандидат», яъни рўйхат етакчиси ва канцлерликка номзод сифатида танлаб хато қилишган. Апрель ойи охири - май ойи бошларида, Бербок танланишидан кўп ўтмай, «Юнион 90/Яшиллар» (Bündnis 90/Die Grünen) партияси қисқа муддат Германиядаги энг таниқли партияга айланди, аммо кейин доимий равишда позиция бой берилди.

Социалистлар кутилмаган юриш қилишди - канцлерликка номзод сифатида партия ҳамраислари, сўл қанот вакиллари Саскию Эскен ёки Норберт Вальтер-Борьянс эмас, консерватив вице-канцлер ва молия вазири Олаф Шолтз кўрсатилди.

Сайловлардан олдинги сўнгги кунгача бу қарор тўғри танловдек қараб келинди, аммо сайлов кунида нималар бўлиши - алоҳида масала.

Меркель қачон кетади?

Сайловларда 60,4 млн фуқаро овоз бериши кутилмоқда. Ижтимоий сўровномалар натижаларига кўра, бундестагга 2017 йилдаги каби 6та сиёсий куч ўтиши кутилмоқда. Германияда парламент сайловлари 4 йилда бир марта ўтказилади. Унинг натижаларига кўра Германия президенти таклифи билан янги парламент канцлерни танлайди. Сайловларда энг кўп овоз тўплаган партия ҳукмрон коалицияни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлади.

Янги бундестагда ҳукмрон коалицияни шакллантириш учун 374 депутат зарур бўлади.

Жорий сайловларда 1990 йилда Германия бирлашгандан бери энг кўп партия иштирок этмоқда. Федерал сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловларга 47та сиёсий куч ўз номзодларини илгари сурган. Ҳаммаси бўлиб депутатлик ўринлари учун 6211 номзод, жумладан 2024 аёл кураш олиб боради.  

Сайловчиларда иккита овоз бериш ҳуқуқи бўлади. Улардан биринчиси сайлов округидан номзод учун, иккинчиси сиёсий партиянинг ҳудудий рўйхатлари учун берилади. Иккала йўл билан ҳам 299 нафардан депутат сайланади. Партия «иккинчи» овоздан қанча кўпроқ йиға олса, парламентда шунча кўп ўринга эга бўла олади. Бундестагнинг дастлабки таркиби 598 депутатни кўзда тутади, бироқ партиялар «иккинчи» овоздан кўпроқ йиғса, депутатлар сони ошиши мумкин. Мисол учун, 2017 йилги сайловлар натижаларига кўра бундестагга 709 депутат ўтган. Экспертларнинг фикрича, 2021 йилда улар сони 800дан ошиши мумкин.

Германияда сайловлардан кейин ҳукмрон коалицияни шакллантириш бўйича музокаралар шунчалик чўзилиб кетиши мумкинки, Меркель камида декабрь ойи охиригача канцлер лавозимида қолиши мумкин. Расман унинг ваколатлари бундестаг янги таркибининг биринчи йиғилишидан кейин якунланади. Бу йиғилиш эса сайловлардан кейин 30 кун ичида ўтиши лозим. Бироқ аслида Меркель янги ҳукумат шакллантирилмагунга қадар ўз лавозимида қолади. У ушбу лавозимда собиқ канцлер Ҳелмут Колнинг рекордини янгилаши ҳам мумкин. Кол ушбу лавозимни 1982 йил 1 октябрдан 1998 йил 26 октябргача, яъни 5869 кун эгаллаган. Меркель эса ўз лавозимида белгилангандан кўра кўпроқ қоладиган бўлса, бу кўрсаткичга 17 декабрда эришиши мумкин.   

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид