Ўзбекистон | 16:53 / 27.09.2021
2770
4 дақиқада ўқилади

Омбудсман Хоразм вилоятида қийноққа солиш ҳолатларини ўрганди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳи Хоразм вилоятида қийноққа солиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказди.  

23–25 сентябрь кунлари ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасалар кўздан кечирилди.

Дастлаб Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 6-минтақавий ҳудуддаги 11-сонли тергов ҳибсхонаси кўздан кечирилди. Ушбу ҳибсхона 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 192 маҳбус сақланмоқда, уларнинг 9 нафари аёллардир. Маҳбуслар ҳибсхонада ходимлар яхши муомала қилаётгани, овқатланиш ва яшаш шароитларига эътироз йўқлигини билдиришди. 

Ҳибсхонада сайргоҳ ҳовлиси борлиги ва маҳбуслар ҳар куни 1 соат давомида сайр қилаётгани, тиббиёт пунктидаги тиббий ходимлар, жиҳозлар ва дори воситалари етарли экани маълум бўлди. COVID-19 инфекцияси билан касалланган 2 бемор алоҳида жойлаштирилган ҳолда даволанаётгани аниқланди. Маҳбуслар ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин коронавирусга тест топшириши, касаллик аниқланган беморлар алоҳида хоналарга жойлаштирилиши, муассаса ходимлари 100 фоиз эмлангани маълум бўлди.

Мониторинг давомида ҳибсхона кутубхонасини сўнгги йилларда қонунчилик нормаларига киритилган янгиликларни ўзида жамлаган ҳуқуқий адабиётлар билан бойитиш тавсия этилди.  

Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари Хоразм вилояти ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонасини кўздан кечиришди. 60 ўринли қабулхонада 36 маҳкум сақланаётгани, уларнинг аксарияти автомобилни маст ҳолда бошқарган ёки алиментни ўз вақтида тўламасдан 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар экани маълум бўлди.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида ҳам мониторинг ўтказишди. Шу йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилган замонавий, барча зарур техника ва жиҳозларга эга бўлган марказга шахси аниқланмаган фуқаролар келтирилиб, шахси аниқлангунига қадар уларга тиббий ёрдам кўрсатилади, яшаши, спорт билан шуғулланиши ва овқатланиши учун зарур шароитлар яратилади. Кейинчалик эса ўз оиласи ва яқинларига топширилади.

Кейинги манзил вилоят Руҳий асаб касалликлари шифохонаси бўлди. Унда даволанаётган беморларга яратилган шароитлар, уларнинг дори-дармон воситалари билан таъминланиши, овқатланиши ва муолажаларнинг ўтказилиши билан боғлиқ ҳолатлар батафсил ўрганилди.

Гуруҳ аъзолари Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилоят филиалида ҳам бўлишди. Марказда ихтиёрий ва мажбурий равишда даволанаётган фуқаролар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берилди. Марказнинг беморларга таом тайёрлаш бўйича аутсорсинг корхонаси билан тузилган шартномаси ўрганилиб, ушбу корхонанинг фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, хусусан, шифохонада ҳафталик таомномага риоя этилмаслик, овқатларнинг озуқавий қиймати белгиланган талабларга жавоб бермаслик ҳолатлари аниқланди. 

Мониторинг давомида жиноят судларидаги судланувчиларни вақтинча сақлаш хоналари ҳам кўздан кечирилди, деб хабар берди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати.

Мавзуга оид