Жаҳон | 22:31 / 28.09.2021
25674
10 дақиқада ўқилади

Меркель даври поёнига етмоқда. У тарихда қандай из қолдиради?

Баъзи сиёсатчилар тўрт муддат давомида ҳокимиятда бўлгач ҳам ўз ихтиёри билан кетиши мумкин.

Германияда парламент сайловлари бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра Ангела Меркель канцлер лавозимини тарк этади. У енгилмас ҳолатда кетмоқда: у ҳукумат раҳбарлигида бўлиш борасида ўз устози Ҳелмут Колнинг рекордини такрорлаб (16 йил), ўз ихтиёри билан кетишга қарор қилган. Жаҳон сиёсатидаги энг катта таъсирли сиёсатчи аёл бўлган фрау яна бир неча ой мобайнида канцлерлигича қолади, чунки янги ҳукмрон коалицияни шакллантириш бўйича музокаралар чўзилиши тайин. Лекин барибир Меркель эраси поёнига қараб бормоқда. «Медуза» унинг фаолиятидаги асосий босқичларни ифодаловчи суратларни жамлади.

Bernd Gurlt / DPA / AFP / Scanpix / LETA 

Ангела Каснер (турмушга чиққач Меркель фамилиясини олган) Ҳиммельпфорт қишлоғидаги лагерда овқат тайёрламоқда. У 1973 йил июлида Лейпциг университетини физика йўналишида тамомлаганида дўстлари билан шу ерга келганди. Меркель мамлакат ғарбидаги Ҳамбургда туғилган бўлса-да, Шарқий Германияда ўсган.

Martin Gerten / DPA / AFP / Scanpix / LETA

Меркель сиёсий фаолиятини ГДРнинг сўнгги йилларида бошлаган, у «Демократик ёриб кириш» ҳаракати сафига кирган. Германия бирлашганидан кўп вақт ўтмай Меркель Аёллар ва ёшлар масалалари бўйича федерал вазир этиб тайинланган. У шу тариқа Шарқий Германиянинг умумгерман истеблишментидаги илк вакиласига айланади. Меркель 1991 йил 18 январда бундестагда қасамёд қилади, бу вақтда парламент мажлиси ҳали Ғарбий Германия пойтахти бўлган Боннда ўтказиларди.

Thomas Imo / photothek.net / imago / Scanpix / LETA 

Меркелнинг сиёсий карьераси тезлик билан ўса бошлайди: 1991 йил декабрида у Христиан-демократлар иттифоқида канцлер Гельмут Колнинг ўринбосарига айланади. Уни киноясиз — «Колнинг қизалоғи» деб аташган. 

Roberto Pfeil / AP / Scanpix / LETA 

Меҳнаткаш Меркель кўп ўтмай тилларга тушади. 1992 йил 3 февралида у оёғини синдириб олганига уч ҳафта ўтмаган бўлса-да, Христиан-демократик иттифоқ президиумида иштирок этиш учун келади.

Michael Ebner / ullstein bild 

Аёллар ва ёшлар масалалари вазирлиги катта муассаса эмасди, 1994 йилда Меркель нисбатан каттароқ вазирлик раҳбари этиб тайинланади — Атроф-муҳит муҳофазаси вазирлигига. Янги йил арафасида вазирлик унинг иштирокида реклама ролиги тайёрлайди: у совғаларни ўрашда ишлатиладиган қоғозни иккинчи марта қўллаш учун қандай тайёрлаш мумкинлигини кўрсатиб беради - бу орқали одамлар дарахт ёғочини тежаш ва ўрмонларни кесилишдан асрашга чақирилганди.

Bonn-Sequenz / ullstein bild / Getty Images 

1996 йил февралида Меркель Чернобиль АЭС ҳудудига ташриф буюради. Станциядаги авария оқибатлари немис жамоатчилигида катта таассурот уйғотади, бунинг ортидан «Яшиллар» ҳаракати машҳурлашади ва атом энергиясидан воз кечиш бўйича жиддий муҳокамалар бошланади. Меркель канцлер бўлганида Фукусимадаги авариядан кейин бу жараённи (атом энергиясидан бутунлай воз кечиш) ишга туширади.

Chaperon / ullstein bild / Getty Images 

1998 йилдаги сайловларда христиан-демократлар мағлубиятга учрагач, Меркель немис ҳукуматини тарк этади, аммо бундестаг депутати бўлиб қолади ва Христиан-демократлар иттифоқида бош котибга айланади (моҳиятан, партия иши бошқарувчиси). Бу фотога у 2000 йил мартида Болтиқ денгизи соҳилида тушган.

Bernd Weissbrod / EPA / Scanpix / LETA 

Христиан-демократлар иттифоқининг тўлақонли етакчисига айланган Ангела Меркель 2005 йил 18 сентябрида ўтказилган сайловда овоз бермоқда. Бу сайловдаги ғалаба орқали у мамлакат бошқарувига келади ва кейинги 16 йил мобайнида канцлер бўлиб қолади.

Jens Buettner / EPA / Scanpix / LETA 

ГФРдаги илк аёл канцлер Ангела Меркель портрети Берлиндаги KanzlerEck («Канцлер бурчаги») меҳмонхонасида аввалги ҳукумат раҳбарлари портретлари қаторига илинмоқда. 2005 йил 23 ноябрь.

Дмитрий Астахов / ТАСС 

Ангела Меркель, Владимир Путин ва лабрадор Конни «Бочаров Ручей» қароргоҳида, 2007 йил 21 январь. Кўпчиликка маълумки, канцлер итларни ёқтирмаган. Икки етакчи ўртасидаги шахсий муносабатлар ҳеч қачон илиқлашмаган: Қрим Россияга қўшиб олингач, Америка матбуотида ёзилишича, Меркель Обама билан телефон мулоқоти чоғида Россия президенти «реаллик билан алоқани йўқотиб қўйгани» ҳақида гапирган.

Sean Gallup / Getty Images

Меркель сиёсатининг асосий йўналишларидан бири - хавфли ва қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан босқичма-босқич воз кечишга қаратилган энергетик бурилиш  (Energiewende) эди. 2010 йил 18 августида у Кремпин шаҳридаги шамол электростанциясига ташриф буюради. «Яшил энергетика»га катта инвестициялар йўналтирилган бўлса-да, Германия ҳукумати ўз олдига қўйган барча мақсадларга ҳам эриша олмади. Атом энергетикаси ва кўмир қазиб олишни тўхтатишдан кўрилган йўқотишларни қоплаш учун Меркель ҳукумати «Шимолий оқим — 2» газ қувурини қуриш ишлари охирига етказилишига розилик билдиради.

Franzi Zöger / Vogelpark Marlow / DPA / AFP / Scanpix / LETA

Бир неча йил ичида Меркель Германия сиёсатидаги энг мафтункор сиёсатчига айланади. Унинг ўз фарзандлари йўқ, аммо немис таблоидлари уни тез-тез «онахон» (Mutti) деб атайди. Бу фотосуратда у Германия шимолидаги ўзини сайлаган Марлоу округида тўтиқушларни озиқлантирмоқда. 2012 йил 17 апрель. 

У шу йил сентябрда ҳам Марлоуга бориб, севимли тўтиқушлари билан суратга тушди. 

Pete Souza / White House / Reuters / Scanpix / LETA

Чапдан ўнгга: Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, АҚШ президенти Барак Обама, Ангела Меркель ва Европа комиссияси раиси Хосе Мануэль Барросо «Челси» — «Бавария» ўртасида 2012 йил 19 майида ўтказилган ЕЧЛ финалини томоша қилмоқда, ўшанда инглизлар пенальтилар сериясида ғолиб бўлишганди.
 

Michael Kappeler / AP / Scanpix / LETA

Ангела Меркель ва Барак Обама бир-бирини яхши тушунган сиёсатчилар эди. 2015 йил июнида улар Бавария Альплари мезбонлигидаги «Катта еттилик» саммитида шундай учрашув ўтказишган. 

Tobias Schwarz / AFP / Scanpix / LETA 

Ангела Меркель учун жиддий синовлардан бири 2015 йилги миграция инқирози бўлганди. 25 август куни Меркель ҳукумати Германияда бошпана олиш ҳуқуқи енгиллаштирилгани ҳақида эълон қилади, кейинги куни унинг ўзи мамлакат шарқидаги Ҳайденау лагерига ташриф буюради. Кейинги ойлар давомида мамлакатга Яқин Шарқдан бир неча миллион қочқин кириб келади. Меркелнинг бу борадаги сиёсатини ўнглар ҳам, сўллар ҳам танқид қилишган, бу мунозаралар фонида ўнг популистлар «Германия учун альтернатива» партиясига асос солишган.

Fabian Bimmer / Reuters / Scanpix / LETA 

Ангела Меркель Киль шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасига ташриф чоғида. 2016 йил 19 январь

Volker Hartmann / Getty Images 

Ангела Меркель Астронавтларни тайёрлаш бўйича Европа марказига ташриф вақтида махсус кўзойнакда . Кёльн, 2016 йил 18 май.

Jesco Denzel / Bundesregierung / Reuters / Scanpix / LETA

Барак Обама билан яхши тил топишган бўлса, Меркель учун Дональд Трамп билан муносабатлар энг мураккаби бўлганди. АҚШ президенти уни бир томондан Россияга санкциялар қўллаб, иккинчи томондан «Шимолий оқим — 2» қурилиши давом эттирилишига рози бўлгани ва шу билан бирга НАТОни молиялаштириш бўйича мажбуриятларини бажармагани учун танқид қилган. 2018 йил Квебекдаги «Катта еттилик» саммити арафасида Трамп бир неча шов-шувли баёнотлар берган, жумладан Қримни Россия ҳудуди деб атаган, учрашувни қўшма баёнотни имзоламасдан тарк этганди.

Xander Heinl / photothek.net / imago / Scanpix / LETA

Қўлларни бу тахлит қовуштириш — «Меркель жести» номини олган. 

Odd Andersen / AFP / Scanpix / LETA 

Украина президенти Владимир Зеленский илк хорижий ташрифини 2019 йил 18 июнида Берлинга амалга оширганди. Зеленскийнинг асосий мақсади Германияни «Шимолий оқим — 2» қурилиши давом эттирилишига қарши чиқишга кўндириш эди, бу газ қувури туфайли Украина Россия гази транзити учун оладиган даромадидан қуруқ қоларди, аммо у ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам бунга эриша олмади. Сўнгги йилларда канцлерлик лавозимида Меркель Украина шарқидаги можарони ҳал қилишда ҳам у қадар фаол бўлмади, 2015 йилда айнан унинг дипломатик саъй-ҳаракатлари эвазига Минск келишуви имзоланганди, шундан кейин минтақада фаол ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганди.

imago images / Bildgehege / Scanpix / LETA

Пандемия Меркель учун бир вақтнинг ўзида ҳам сиёсий триумф, ҳам жуда оғир синов бўлди. Дастлабки ойларда немислар ҳукумат томонидан иқтисодиётга ёрдам берган ҳолда жорий этилган қатъий чекловларни қўллаб-қувватлашди ва ҳатто бу даврда кўплаб сиёсатчилар Меркель истеъфога чиқиш ҳақидаги қароридан қайтиб, яна беш йил давомида канцлер бўлиб қолиши кераклигини айтишди. Аммо вакцинация кампанияси бошланиб, чекловлар босқичма-босқич бекор қилингач, танқидлар кўпайди. Меркель ўшандан буён ҳар қандай ёпиқ бино ҳудудида юқоридаги суратдаги каби ниқоб таққан ҳолда кўриниш беради, сурат бундестагнинг 2021 йил 13 январида ўтказилган йиғилишида олинган. 

Мавзуга оид