Ўзбекистон | 18:43 / 29.09.2021
36733
2 дақиқада ўқилади

10 дан ортиқ букмекерлик сайтларининг Ўзбекистондаги фаолияти чекланди

Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи ўндан ортиқ сайтларга кириш чекланди. Чеклов Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда амалга оширилган.

Фото: Getty Images

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят Кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади. Шу билан бирга «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига кўра рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Бундан ташқари, мунтазам равишда агентлик ходимлари томонидан интернет тармоқларида жойлаштирилаётган реклама маълумотларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги ўрганиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 апрел куни Андижон вилоятида букмекерлик идоралари очиқча фаолият юритаётгани, кўчада рекламалари жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Андижондаги шаҳар ва туманлар ҳудудларида доимий олиб борилаётган кузатувлар давомида қонун ҳужжатларига зид равишда жойлаштирилаётган ташқи рекламалар, шу жумладан 1XBET букмекерлик компанияси қимор ўйинлари рекламалари бартараф этилаётганини билдирган.

Мавзуга оид