Жаҳон | 22:28 / 30.09.2021
8134
2 дақиқада ўқилади

Барбадос Британия қироличаси бошқарувидан чиқиб, республикага айланади

Кариб денгизида жойлашган Барбадос орол-давлати ўз конституциясига Британия қироличаси Елизавета II’ни оролнинг ҳукмдори мақомидан маҳрум этувчи тузатмани киритди. Эндиликда орол конституцион монархиядан парламент республикасига айланади.

Бу Барбадоснинг Британиядан мустақиллигининг 55 йиллиги куни – 30 ноябрда юз беради. Орол бош вазири Миа Моттлининг таъкидлашича, парламент “пухта ўйланган қарор”ни қабул қилган. Бу тузатма бўйича музокаралар 1998 йилдан буён олиб борилган.

“Ўзгаришлар ривожланишимизнинг кейинги босқичига ўтишимизга ва Барбадос халқига дунёга биз ўзимизга ишонишимиз ҳамда кимлигимиз ва қилаётган ишимиз учун тўлиқ жавобгар эканимизни айтиш имконини беради”, деб таъкидлаб ўтган Моттли. 

Мамлакатда ҳокимият шаклини ўзгартиришда конституциянинг Британия қироличасига тегишли бандидан бошқаларини ўзгартиришга зарурат бўлмайди. Иккинчи қадам мамлакат тарихида биринчи президент сайловлари ўтказилиши бўлади. 

Барбадос 1627 йилдан Британия мустамлакаси бўлган ва 1966 йилда мустақилликка эришган. Мамлакат раҳбари Британия қироличаси ҳисобланган. 

Орол-давлат Кариб денгизининг шарқида жойлашган бўлиб, унда 300 мингга яқин аҳоли яшайди. 

Яқинда Шотландия раҳбарияти ҳам Британиядан мустақил бўлиш ҳақида яна гапира бошлади. Мамлакат бош вазири Никола Стержен бу масалага коронавирус пандемиясидан кейин яна қайтилишини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид