Ўзбекистон | 16:18 / 30.09.2021
11430
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Тегишли қонун Сенатда маъқулланди. Аввалроқ, қуйи палата депутати Қодир Жўраев бу қонунни қабул қилишдан олдин ички ишлар тизимини ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалаш кераклигини билдирган эди.

Фото: AFP

Бугун, 30 сентябрь куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун билан Жиноят кодексининг ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятнинг жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаганлик, уларнинг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун орқали ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади ва уларнинг ўз қонуний фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширишига шароит яратилади. Шунингдек, ҳокимият вакилларининг соғлиги ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлашга эришилади.

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди.

“Тўғри, қонун лойиҳаси албатта керак. Чунки бошқа хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун жавобгарлик анча юқори. Аммо умуман олиб қараганда, республикамизда ички ишлар органи ходимлари хатти-ҳаракатидан келиб чиқсак, бу лойиҳани қабул қилиш бироз эрта деб ўйлайман.

Тўғри, ижобий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Лекин бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ўз ниҳоясига етмаган. Барчангизга маълум, ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракати билан боғлиқ салбий ҳолатларни кузатиб боряпмиз. Жумладан, алоқа воситалари орқали берилган буйруқ асосида қонун бузилишларини айтасизми, Навоий ва Тошкент вилоятидаги воқеаларни оласизми, “Спарк” машинасидан чиққан техника тузатиш эҳтиёт қисмининг (отверка) совуқ қурол деб баҳоланиши бу тизимдаги муайян камчилик ва муаммолардан далолатдир.

Бундай ҳолатда мазкур қонунни қабул қилиш бу тескари натижаларни бериши мумкин. Аввало ички ишлар тизимига адашиб келиб қолган ва ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалагандан кейин қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди”, – деган эди Қодир Жўраев партия фракциясининг 10 августдаги йиғилишида.

Мавзуга оид