Жамият | 16:32 / 30.09.2021
10018
2 дақиқада ўқилади

“Ота-оналар оилада ўқитувчи обрўйини кўтариши керак” — 75 ёшли муаллима

Манзура Мамасолиева Мирзо Улуғбек туманидаги 279-мактабда дарс беради. 75 ёшда бўлса ҳам ҳафтасига 27 соат дарс ўтади, синф раҳбарлик қилади. Ўқитувчи сифатида 44 йиллик иш тажрибасига эга.

Манзура буви шу пайтгача мактабларда, ОТМларда дарс берган. Пенсия ёшида бўлса-да, устоз болаларсиз яшай олмайди, мактаб ҳаётининг асосий қисмига айланган.

“Меҳнат стажим 54 йиллик, ўқитувчилик фаолиятимга 44 йил тўлди. 44 йил – бир йигитнинг умри. Бу муддатда ўқитган ўқувчиларим турли соҳаларда ишлаб, тараққиётга ҳисса қўшяпти”, дейди устоз.

Манзура Мамасолиева ҳафтасига 27 соат дарс беради, синф раҳбарлиги ҳам бор. У ишлашдан, ўрганишдан қўрқмайди. Ҳозир мактабларда kundalik.com тизимида ишлашга ўтиляпти, Манзура буви ҳам бу платформани ишлатишни ўрганиб олган.

“Бошида қийналдим, лекин ҳамкасбларим ёрдам беришди. Ҳозир платформада бемалол ишлайман”, дейди у.

Манзура Мамасолиева ўзи ишлаган 44 йилни таҳлил қилар экан, ҳозирги пайтга келиб ўқитувчининг обрўйи пасайганини айтиб ўтди.

“Оилаларда ўқитувчига муносабат қандай бўлса, ўқувчиларнинг ҳам устозга ҳурмати шундай бўлади. Шунинг учун ота-оналар уйда муаллимнинг обрўйини кўтаришга ҳаракат қилиши керак деб ўйлайман”, дейди Манзура Мамасолиева.

75 ёшли ўқитувчи ўзбек тилининг обрўйи ҳақида гапирар экан, бу масала оғриқли эканини қайд этди.

“Болтиқбўйи давлатларида бўлганимда латиш тилида гапира олмаганимиз учун бизга ҳатто дўконда нарса сотишмаганди. Кейин таржимон ёллаб харид қилганмиз. Бизда ҳам ўзбек тилини яхши кўрадиганлар кўп. Бироқ тилга бўлган меҳр ҳам кўпроқ оиладаги муносабатга боғлиқ”, деб ҳисоблайди устоз.

Манзура бувининг айтишича, ҳозир болаларнинг тарбиясига эркинроқ ёндашиляпти, бу эса уларга алоҳида ёндашишни талаб қилади.

“Лекин мен барибир болаларсиз яшолмайман. Шунинг учун ҳали ҳам ишлаяпман. Ўқитувчи эканимдан фахрланаман”, дейди Манзура буви Мамасолиева.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид