Жаҳон | 16:04 / 05.10.2021
11405
2 дақиқада ўқилади

Физика бўйича Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди

4 октябрдан жорий йил учун Нобел мукофоти совриндорларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди.

Фото: AP

Жоржио Паризи, Клаус Ҳасселман ва Сюкуро Манабе физика бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти совриндорлари деб эълон қилинди.

Манабе ва Ҳасселман "Ер иқлимини физик моделлаштириш" учун мукофотнинг бир қисмини олади.

Паризи "физик тизимлардаги тартибсизликларда мавжуд яширин қонуниятларни очгани" учун мукофотнинг иккинчи қисмини қўлга киритади. 

Совриндорлар 10 млн швед кронаси (1,14 млн доллардан ортиқроқ) миқдоридаги мукофотни бўлишиб олади.

Манабе 1931 йилда Японияда туғилган, ҳозирда АҚШдаги Принстон университетида ишлайди.

Ҳасселман 1931 йилда Ҳамбургда туғилган, ҳозирда Ҳамбургдаги Макс Планк номидаги метеорология институти профессори ҳисобланади. 

Паризи 1948 йилда Римда туғилган, Римдаги Ла Сапиенца университети профессори.  

4 октябрдан жорий йил учун Нобел мукофоти совриндорларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Унинг доирасида Швеция қироллик фанлар академияси тиббиёт ва физиология бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти совриндорларини эълон қилди. Ушбу йўналишда нуфузли мукофот Калифорния университети профессори Дэвид Жулиус ва АҚШдаги Скрипс илмий-тадқиқот институти ходими Ардем Патапутянга топширилди.   

Иккала олим ҳам америкалик бўлиб, улар Нобел мукофотини организмда ҳарорат ва тегишларга жавоб берувчи рецепторларни очгани учун олишди. Яъни олимлар одамнинг сезгилари асосида нима ётиши ва уларнинг механизмини ўрганиб чиқишган.

Жорий ҳафтада Нобел қўмитаси яна 4 йўналиш бўйича совриндорларни эълон қилади. Жумладан, 6 октябрда кимё, 7 октябрда адабиёт, 11 октябрда эса иқтисодиёт бўйича Нобел совриндорлари маълум қилинади. 

8 октябрда эса Норвегия пойтахти Ослода тинчлик бўйича Нобел совриндори эълон қилинади. Унга 329 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Мавзуга оид