Ўзбекистон | 01:08 / 06.10.2021
69144
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори қидирувга берилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети собиқ проректори Нодир Идиев фирибгарликда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги расмий сайтидаги «Диққат қидирув» бўлимида маълумот пайдо бўлган.

Фото: ИИВ

Собиқ проректорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Kun.uz ҳолат бўйича қўшимча маълумот олиш учун Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати вакили Шуҳрат Жалолов билан боғланди. Унинг маълум қилишича, Нодир Идиев «Асака банк» АЖ Бухоро вилояти филиалида фаолият юритган вақтида Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини сохта ҳужжатлар асосида фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда гумон қилинмоқда.

Gazeta.uz'нинг Тошкент давлат иқтисодиёт университетига таяниб ёзишича, Нодир Идиев «Нархоз»дан 2021 йил июл ойида меҳнат таътилига чиқиб, қайтиб бормаган ва август ойида унга қидирув эълон қилинган. Қўшимча қилинишича, Нодир Идиев билан боғлиқ жиноят ишига университетнинг алоқаси йўқ.

Мавзуга оид