Жаҳон | 18:53 / 08.10.2021
4889
2 дақиқада ўқилади

Мали бош вазири Францияни террорчилар тайёрлашда айблади

Мали бош вазирининг сўзларига кўра, француз қўшинлари Кидалда анклав ҳосил қилди ва уни “Ал-Қоида” билан ҳамкорлик қилувчи “Ансор ад-дин” гуруҳи вакилларига берди.

Фото: Benoit Tessier/Reuters

Малида ҳаракатланаётган террорчи гуруҳларни тайёрлаш ортида Франция турибди, бизда бу борада далиллар мавжуд, деди Мали бош вазири Шогел Кокалла Маига.

“Малидаги террорчилар Ливиядан келган. Ливия давлатини ким вайрон қилди? Франция иттифоқчилари билан. Мали Франция билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилганида биз разведка маълумотлари ва ҳаво орқали қўллаб-қувватлашни сўрагандик. Ҳеч ким улардан қуруқлик орқали ҳарбий жўнатишни сўрамаган. Франция Кона, Гао, Тимбуктуда бу келишувга амал қилди. Кидалга яқинлашгач эса, Мали ҳарбийларининг у ерга киришини тақиқлади”, – деди у.

Мали бош вазирининг сўзларига кўра, француз қўшинлари Кидалда анклав ҳосил қилди ва уни "Ал-Қоида" билан ҳамкорлик қилувчи "Ансор ад-дин" гуруҳи вакилларига берди.

“Мали Кидалга кира олмайди, у Франция томонидан назорат қилинадиган анклав. Бу ерда француз офицерлари тайёрлаган қуролли гуруҳлар бор. Ва бизда бунга далиллар мавжуд”, – деб таъкидлади у.

Аввалроқ президент Эммануэл Макроннинг нодўстона сўзлари учун Франция элчиси  Мали ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.

Макрон Франция операциялари туфайли террорчилар Малида ҳокимиятни эгаллай олмаганини айтганди. 

 

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид